Ўзбекистон янгиликлари

Ис гази офатидан сақланиш бўйича динимиз кўрсатмаси қандай?

Айни кунларда интернет ва ижтимоий тармоқларда турли ҳудудлардаги ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этган ҳамюртларимиз ҳақидаги хабарларни ўқиб, чуқур ўйга толасан киши.

Тасдиқланган статистика маълумотларига кўра, Республикамиз ҳудудида 2021 йилда ис гази билан боғлиқ жами 74 та холат аниқланиб, ушбу холатларда 67 нафар фуқаро заҳарланган ва 128 нафар фуқаро вафот этган бўлса, жорий йилнинг 25 январь ҳолатига кўра, 16 ҳолатда 9 нафар фуқаро заҳарланган ва 28 нафар фуқаро вафот этган.

Ушбу нохуш ҳолатларнинг барчасини ўзига хос сабаблари бор. Совуқ кунларда ҳар бир оила хонадонини иситиш мақсадида турли мосламаларидан фойдаланади. Уларнинг орасида қўлбола, носоз ёки яроқсиз ҳолатдаги ускуналардан фойдаланаётганлар ҳам бор. Бу эса нохуш вазиятлар келиб чиқишига сабаб бўлаётгани ачинарли ҳол.

Мусулмон одам ўзини ва аҳлини хавфдан асраши ва бунинг учун эътиборсизлик қилмай олдини олиш чораларини пухта қилмоғи лозим. Зеро, Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ бирортангиз бирор ишни қилганда уни пухта қилишини яхши кўради”, деганлар (Абу Яъло ривояти, “Мажмаъу-з-завоид”; Суютий, “Ал-жомеъ ас-сағир”).

Агар киши ўз эҳтиёт чораларини кўрмаса ва унга зарар етса, мазкур ҳолатда бошқа кимса айбдор бўлмайди. Чунки бу ҳақда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
“Кимки уйнинг атрофи панжара билан ўралмаган томида ётса ва унга бирор кор-ҳол бўлса, бошқалар бунга жавобгар бўлмайди” (Имом Абу Довуд ривояти, Сунан, 5041, Саҳиҳул Жомеъ, 6113, унинг Авнул Мабуддаги шарҳи, 13/384). Бунинг сабаби ухлаб ётган киши уйқусида ағдарилиши мумкин ва агарда панжара бўлмаса, йиқилиб тушиб, ўлиши мумкин. Бундай ҳолатда унинг ўлимида ҳеч ким айбдор бўлмайди ёки унинг лоқайдлиги шунга олиб келдики, Аллоҳ уни Ўз ҳимоясидан маҳрум этди, чунки у олдиндан керакли эҳтиёт чораларни кўрмади.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Қуёш ботгандан сўнг болаларингизни уйда тутиб туринглар, чунки шайтонлар шу пайтда қўзғаладилар. Сўнгра кечқурундан бир соат ўтса, болаларингизни қўйиб юборинг, эшикларингизни беркитинг ва Аллоҳ номини зикр қилинг, бир чўп қўйиб бўлсада хумдонларингиз оғзини беркитинг ва Аллоҳ номини зикр қилинг, чироғларингизни ўчиринг” (Имом Бухорий ривояти, Фатх, 10/88-89).

Имом Муслим ривоятида эса Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Эшикларингизни беркитинг, идишларингиз устини ёпинг, чироғларингизни ўчиринг ва боғичларингизни маҳкам тугунланг (яъни хумдонларингизни устини ёпинг – у замонларда одамлар хумдон оғзига матоҳ ёпиб, уни тугунлаб боғлашарди), чунки шайтон беркитилган эшикни очолмайди, усти ёпилган нарсани очолмайди, сиз боғлаган тугунни ечолмайди. Ва сичқон ёнғин чиқаролмайди (яъни чироғни ағдариб, уйда ёнғин чиқариш маъносида)” (Имом Аҳмаднинг Муснаддаги ривояти, 3/103; Саҳиҳул Жомеъ, 1080)

Яна бир ҳадисда эса Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ухлашга ётаётганингизда уйдаги оловни ёниқ ҳолда қолдирманг” (Имом Бухорий ривояти, Фатх, 11/85).
Демак, мусулмон одам ҳар бир ишда аввало эҳтиёт чораларни кўриб, ўзи ва ўзгаларга зарар етмайдиган тарзда сабабларини қилиб сўнгра Аллоҳдан паноҳ сўраши лозим.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши “Ё Расулуллоҳ, (уловимни) тушовлаб туриб таваккал қилайми ёки қўйвориб таваккал қилайми?” деди. Бас, у зот: “Уни тушовлаб туриб кейин таваккал қил” дедилар” (Имом Термизий ривояти).

Бу ҳадиси шарифдан таваккал қилиш билан бирга сабаб бўладиган ишларни ҳам пухта равишда олиб бориш лозимлиги келиб чиқади. Чунки таваккал қалб иши, бу нарса банданинг қалбига, нияти ва эътиқодига боғлиқ амал. Воқеликдаги ишларнинг юзага келиши эса Аллоҳ таоло томонидан жисмга ва унинг аъзоларининг амалига боғлиқ қилинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1435 марта ўқилди

Янгиликлар

Top