Ўзбекистон янгиликлари

Регистонга 2021 йили қанча сайёҳ келган?

Самарқанднинг бетакрор тарихий обидаларидан бири – Регистон майдони вилоят миқёсида 2021 йил давомида энг кўп сайёҳларни қабул қилган қадамжо бўлди.

Маълумотларга кўра, ўтган йилда мазкур мажмуага 750 минг нафарга яқин сайёҳ ташриф буюрган. Пандемия бўлишига қарамай йил давомида 73 мингга яқин хорижликлар Регистон майдонини кўриш истагида Шарқ гавҳари - қадим Кентга ташриф буюришган. Айни пайтда мажмуа мутасаддилари жорий йилда ушбу кўрсаткичларни ошириш борасидаги чора-тадбирлар билан банд, хабар бермоқда ЎзА.

– Туризмни ривожлантириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш борасида юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, - дейди “Регистон” ансамблини таъмирлаш ва ундан фойдаланиш дирекцияси директори Хонқул Самаров. – Биз ҳам ушбу чора-тадбирларга ҳамоҳанг тарзда Регистонга кўпроқ сайёҳларни жалб қилиш борасида ўз имкониятларимиз доирасида тегишли ишлар устида ишлаяпмиз. Жумладан, бугунги кунда мавсум олди тарғибот материалларни кенг тарғиб этиш ишларини бошладик. Яқин кунларда Регистон майдони тарихи, мавжуд ҳолати, бу ердаги шароитлар, мавсум давомида сайёҳлар учун ташкил этиладиган дастурлар ҳақидаги видеоролик тайёрлаб, ўзбек, рус инглиз тилларида интернет тармоғидаги саҳифаларимизга жойлаштирамиз.

Шунингдек, мавсум давомида сайёҳларга, айниқса, хорижлик сайёҳларга миллий урф-одатларимиз, миллий куй-қўшиқларимиздан тузилган концерт дастурларини туҳфа этиш бўйича вилоят маданият бошқармаси билан ҳамкорликда дастурлар тайёрланмоқда. Бундан ташқари, вилоятдаги мавжуд театрларнинг репертуарларини бевосита мажмуада намойишини ташкил этишни режалаштираяпмиз. Умуман олганда, жорий мавсумни янада самарали ўтказиш, сайёҳларни мамнун қайтишини таъминлаш борасида изланишдамиз.

Юртимизнинг ташриф қоғози айланган кўҳна ва боқий Самарқанднинг бетакрорлигини таъминловчи асосий обида ҳисобланган Регистон майдони бундан кейин ҳам оҳанрабодек хорижликларни ўзига жалб этишда давом этади, албатта.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1304 марта ўқилди

Янгиликлар

Top