Ўзбекистон янгиликлари

Ислом цивилизацияси маркази халқаро алоқаларни қай даражада ривожлантирмоқда?

Жорий йилнинг 7 февраль куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Халқаро алоқаларнинг янги босқичи: ўзаро ҳамкорликдан амалий натижалар сари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. У Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Миллий матбуот маркази ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбарияти ва илмий ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Марказнинг халқаро алоқалар соҳасидаги фаолияти ва келгусидаги режалари ҳақида Марказ директори Шоазим Миноваров сўз юритди.

Унинг қайд этишича, Жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ҳақида маълумот етказиш, унинг мақсад ва вазифалари мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш мақсадида Марказ томонидан мунтазам тақдимотлар, мулоқотлар ҳамда конференциялар ўтказиб келинмоқда. Жумладан, Марказ ташкилотчи ва ҳамкор бўлган жами қирқдан ортиқ халқаро тадбир ва учрашувларни амалга ошириб, умумий ҳисобда 25 ташкилот билан ҳамкорлик Меморандумлари имзоланди.

Хусусан, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар соҳаларида ҳамкорлик қилиш бўйича доимий қўмитаси – COMSTECH ва Марказ ўртасида имзоланган меморандум доирасида дунё кутубхоналари фондларида сақланаётган исломга оид ҳамда мусулмон мамлакатлари олимлари томонидан яратилган манбалар, қўлёзма, тошбосма ва замонавий нашрларнинг ягона электрон базасини яратиш бўйича келишувга эришилди.

Шу билан бирга ЮНЕСКО, АЙСЕСКО, ИРСИКА каби бир қатор халқаро ташкилот вакиллари билан бевосита қурилиш майдонида учрашувлар ўтказилиб, Марказ биноси лойиҳаси, ички ва ташқи дизайни, музей экспозициялари мазмуни бўйича таклифлар олинди.

Анжуман сўнггида Марказ раҳбарияти ва журналист ўртасида қизиқарли савол-жавоблар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

 

 

 

1370 марта ўқилди

Янгиликлар

Top