Ўзбекистон янгиликлари

Саудия миллий ривожланиш компанияси Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш истагида

Ўзбекистон элчиси Улуғбек Мақсудов Саудия Арабистони Миллий ривожланиш компанияси бош директори Носир бин Ҳаммад ал-Жаийдий билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Учрашувда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида икки томонлама алоқаларни янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар ва уларга тақдим этилаётган имтиёзлар тўғрисида батафсил сўзлаб берилди.

Суҳбатдошлар Ўзбекистонда ўз фаолиятини олиб бориш истагида бўлган саудиялик инвесторлар сонининг ортиб бораётгани икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалар ривожига салмоқли ҳисса қўшаётганини қайд этди.

Носир ал-Жаийдий Ўзбекистонни жуғрофий жиҳатдан қулай ҳудудда жойлашгани хорижий ивесторлар учун жуда муҳим эканини таъкидлади. У республика раҳбарияти томонидан мамлакатда ишлаш ниятида бўлган хорижий инвесторлар учун яратиб берилган имкониятларни юқори баҳолади.

– Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган барча турдаги маҳсулотлар сифат жиҳатидан ажралиб туради, - деди Носир ал-Жаийдий. - Бу хорижий инвестицияларни фаол жалб қилишда муҳим ўрин тутади. Бизнинг компанияда ҳам Ўзбекистон билан соғлиқни сақлаш, таълим, кимё, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа бир қатор соҳаларда ҳамкорлик қилиш истаги мавжуд.

Музокаралар якунида Саудия Арабистони Миллий ривожланиш компанияси бошқарув кенгашининг навбатдаги мажлисида элчихона вакиллари томонидан Ўзбекистон, хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятларидаги инвестицион лойиҳаларининг тақдимотини ўтказиш тўғрисида келишиб олинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1202 марта ўқилди

Янгиликлар

Top