Ўзбекистон янгиликлари

"Янги ҳаёт" жомеси янги даврга хос ва мос масжид бўлади

Хабар берганимиздек, 19 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Сирдарё вилояти Сирдарё тумани марказий “Янги ҳаёт” масжиди қурилиши жараёнлари билан яқиндан танишиш мақсадида ташриф буюрдилар. Сафарга Диний идора "Қуръон ва тажвидни ўргатиш" бўлими мудири Aлижон қори Ҳайдаров ҳамда Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Зокиров ҳамроҳлик қилдилар.

Дастлаб Муфтий ҳазратлари мутасадди вакилларнинг янги жоме лойиҳаси тақдимоти билан яқиндан танишиб, уста-муҳандисларга намозхонларга ҳар томонлама ҳозирланган шароитлар тўғрисида маълумотлар олдилар.

Маросим давомида Муфтий ҳазратлари масжид бунёдкорлари, уста-муҳандислар, қурувчиларга эзгу ниятлар билдирдилар ҳамда юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлиги ва масжид қурилишига ҳисса қўшаётганлар барчанинг ҳаққига дуолар қилдилар.

Таъкидлаш жоизки, ушбу масжиднинг эски бинолари 1956 йилда қурилган. Улар катта йўлдан пастликда жойлашгани ва пахса, хом ғиштдан қурилгани учун фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолган эди. Қолаверса, кейинги пайтда намозхонлар сони ортиб, жамоат намозига хонақоҳ торлик қилиб қолаётган эди. Шу боис кўплаб мўмин-мусулмонлар таклифи инобатга олиниб, мутасадди вакиллар масжид янги биноси қурилишига рухсат бердилар.

Шундан сўнг Сирдарё туманининг марказидаги маҳаллалар аҳолиси ва меҳмонларга қулайлик яратиш мақсадида, жоменинг янги биноси эски жойидан 200 метр катта йўл бўйига яқин манзилга кўчирилди.

Мажмуанинг умумий майдони бир гектарни ташкил этади. Янги хонақоҳга ёнидаги айвонлари билан қўшиб ҳисоблаганда 5 мингдан зиёд одамни сиғдира олади. Унда совуқ ва иссиқ кунлар учун барча шароит яратилади. Бундан ташқари, зиёратга чиққан йўловчи аёллар учун ҳам 25 кишилик алоҳида намозхона қуриш режа қилинган.

Лойиҳага кўра, 45 метрли миноралар ва баландлиги 20 метр, айланаси 10 метр бўлган гумбаз масжидга ўзгача файз ва виқор бахш этади.

Мажмуада маъмурият хоналари, замонавий кутубхона, мажлислар зали ва бошқа қўшимча бинолар ҳам ўрин олган. Таҳоратхонаси бир вақтнинг ўзида 100 кишига хизмат кўрсатади. Унда таҳорат олувчилар учун барча шароит қилинади.
Жорий йилда бошланган масжид қурилиши 2025 йилда якунлаш режа қилинмоқда.

Ушбу "Янги ҳаёт" жомеси янги даврга мос ва хос масжид бўлади, инша Аллоҳ.

Дарҳақиқат, масжид қуришнинг фазли, унинг дунёю охиратдаги фойдалари, бунда астойдил, холис хизматнинг ўрни нақадар муҳимлиги ҳақида манбаларда баён этилган, динимизда масжидларнинг фазли ва аҳамияти, уларни обод қилувчилар ҳақида кўплаб хушхабарлар келган, Қуръони каримда масжидларни обод қилувчилар: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчи зотлар бўлсалар, ажабмас” (Тавба сураси, 18-оят), дея марҳамат қилинган.
Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қудсий ҳадисда эса Аллоҳ таоло: «Еримдаги уйларим масжидлардир. Ундаги Менинг зиёратчиларим масжидларни обод қилувчилардир», дея иноят қилинган (Абу Нуайм ривояти).

Ҳақ таоло ушбу жоме масжидни тезроқ қад ростлашини насиб этиб, мўмин-мусулмон халқимизга Қиёматга қадар хизмат қилишини насиб айласин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1800 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top