Ўзбекистон янгиликлари

САУДИЯ АРАБИСТОНИДАН 2 НАФАР ФУҚАРО ДЕПОРТ ҚИЛИНДИ

Аллоҳга шукрки, икки йиллик танаффусдан сўнг юртимиз аҳли Умра ибодатини адо этиш бахтига муяссар бўлдилар. Ҳозирги кунда ҳар куни икки марта авиапарвоз Саудия Арабистонига мунтазам равишда амалга оширилмоқда.
Диёримиз зиёратчилари учун Макка ва Мадина шаҳарларида барча шарт-шароитлар энг юқорида даражада муҳайё қилинди. Буни – Умра сафарида бўлиб турган зиёратчиларнинг миннатдорлик сўзлари, самимий эътирофларидан ҳам яққол кўриш мумкин.

Кези келганда, сафар билан боғлиқ айрим кўнгилсиз ҳолатларни ҳам айтиб ўтиш керак. Хусусан, жорий Умра мавсумида Мадина аэропортида икки нафар зиёратчимиз Саудия Арабистони Чегара хавфсизлик хизмати томонидан тўхтатиб қолинган ва уларда мамлакатга киришга таъқиқ борлиги аниқланган.

Маълум бўлишича, икки нафар фуқаро Қирғизистон Республикасининг қалбаки паспорти билан 2019 йил Умра сафарига бориб келган. Саудия Арабистонидан чиқиш вақтида Саудия қонунларини бузгани учун мамлакат чегара хавфсизлик хизмати томонидан уларга нисбатан мамлакатга кириш учун 10 йил муддатга таьқиқ белгиланган. Шу боис, ушбу фуқаролар подшоҳликка киритилмади. Ҳозирда уларни Ўзбекистонга қайтариш чоралари кўрилмоқда.

Шу ўринда, мўмин-мусулмонлардан Умра сафарини турли қинғир йўллар орқали, ноқонуний амалга оширмаслик ҳамда ҳар-хил кўнгилсизликларга дучор бўлмасликка чақирамиз. Халқимизда “Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади”, деган ҳикмат бор. Мазкур икки фуқаро аввало ўзларини муборак ҳаж ва умра амалларини адо этиш бахтидан мосуво этдилар, қолаверса зиёратчиларимизга ажратилган икки ўринни беҳуда кетишига сабабчи бўлдилар.

Ҳурматли юртдошлар! Ўзбекистон мусулмонлари идораси ибодатларингиз мукаммал, сафарингиз хавфсиз ва хотиржам бўлиши тарафдоридир. Ўз навбатида, сиздан турли алдовларга учмасдан, ҳукумат кўмагида ташкил этилаётган расмий, хавфсиз ва ишончли умра зиёратини адо этишни тавсия этамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

1972 марта ўқилди

Янгиликлар

Top