Ўзбекистон янгиликлари

Қорақалпоқ эли муфтий ҳазратларининг жума суҳбатларидан мамнун бўлди

Бугун муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Нукус шаҳридаги марказий “Имом Эшон Муҳаммад” жоме масжидида жамоатга мавъиза қилиб, жума намозини ўқиб бердилар.

Муфтий ҳазратлари йиғилганларга бугунги кунда диний-маърифий соҳада бўлаётган ўзгаришлар, хусусан, Қорақалпоғистон диёрида амалга оширилаётган хайрли ташаббуслар ҳақида сўз юритиб, буларнинг барчасига шукр қилиш кераклигини таъкидладилар. Айниқса, қозиёт фаолияти ривожланиб бораётгани, масжид-мадрасалар обод этилаётгани ва мўмин-мусулмонларнинг эҳтиёжларини таъминлаш йўлида барча шарт-шароитлар ҳозирланаётганини алоҳида қайд этдилар.

Шунингдек, маъруза давомида муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг ҳаётлигида қадрига етиб, дуоларини олиш кераклигини сўзладилар. Яхшилик қилишни улардан бошлаш зарурлигини ояту ҳадислар билан тушунтирдилар.

Амри маъруф якунлангач, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари жамоатга жума намозини ўқиб бердилар. Сўнг юртимиз тинчлик-осойишталиги, Ватанимиз равнақи ва жамоат ҳақида хайрли дуолар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

1926 марта ўқилди

Янгиликлар

Top