Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар: Ўзбекистонлик талабалар Ўмонда ўтказилган миллий қадриятлар танловида бош совринни қўлга киритишди

Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси талабалари Ўмонда ўтказилган миллий қадриятлар танловида икки йўналишдаги бош совринни қўлга киритишди.
Араб тилини мукаммал эгаллаш мақсадида Ўмонда бўлиб турган Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси талабалари Манаҳ вилоятидаги Султон Қобус коллежида ташкил этилган миллий анъана ва қадриятларга бағишланган танловда иштирок этдилар, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Маданий тадбирда, шунингдек, Болгария, Жанубий Корея, Чехия, Қозоғистон, Япониядан келган талабалар ўзларининг миллий қадриятларини намойиш этдилар.
Мамлакатимиз элчихонаси маълумотларига кўра, ўзбекистонлик талабалар танловнинг «Энг яхши безатилган стенд» ва «Энг яхши тайёрланган миллий таом» йўналишида ғолиб, деб топилиб, тадбирнинг асосий совринини қўлга киритишди.
Таъкидлаш жоизки, Султон Қобус коллежида ташкил этилган араб тилини мукаммал ўргатиш курсларида дунёнинг 55 мамлакатидан келган талабалар таҳсил олмоқда.
Ушбу қисқа муддатли курсларда араб тили замонавий ўқув дастурлари ва интерфаол услублар орқали чуқур ўргатилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1081 марта ўқилди

Янгиликлар

Top