Ўзбекистон янгиликлари

Рамазон ҳилолини кузатиш бўйича Марказий Осиё уламолари мулоқоти

Шу йил 15 март куни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон уламолари иштирокида Рамазон ойи ҳилолини кузатишга тайёргарлик кўриш бўйича онлайн давра суҳбати бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Шариат ишлари бўлими мудири Чуханов Сансибай, Қирғизистон мусулмонлари идораси аппарати бошлиғи Кадирбердиев Абибулла ва бир гуруҳ уламолар иштирок этди.
Давра суҳбатида уламолар Ислом дини манбалари ва астрономик маълумотларга таянган ҳолда жорий йилда Шаъбон ойининг охири ва Рамазон ойи ҳилолини кузатиш юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Ҳомиджон домла Ишматбеков Рамазон ойи мўмин-мусулмонларни учун энг улуғ мавсум эканини билдирган ҳолда Ислом дини таълимотларида муборак Рамазон ойи ва ҳайитининг биринчи кунини белгилашда, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Янги ойни кўриб рўза тутинглар ва янги ойни кўриб ҳайит қилинглар”, деган ҳадиси шарифлари асос қилиб олинганини изоҳлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири Муҳаммадаюбхон домла Ҳомидов ўтган йилларда Рамазон ойи ва ҳайитининг биринчи кунини кузатишда қўшни мамлакатлар уламолари билан маслаҳатлашиб, иш тутилгани минтақадаги мўмин-мусулмонлар ҳамжиҳатлигига катта омил бўлганини қайд этди.
Қирғизистон мусулмонлари идораси аппарати бошлиғи Кадирбердиев Абибулла Ислом дини таълимотларида муборак Рамазон ойи ва ҳайитининг биринчи кунини белгилашда, юқоридаги ҳадиси шариф асос қилиб олинганини изоҳлаб, унга мувофиқ, Рамазон ҳилолини кўз билан кўриш ва ҳукмий кўриш жоиз эканини ифодалади. Шунингдек, Ҳанафий мазҳабига кўра, дунёнинг қайси ерида янги ҳилол кўрингани маълум бўлса, шу ҳилол эътиборга олиниши мўътабар манбаларда баён этилганини қўшимча қилди.
Қозоғистон мусулмонлари идораси вакили Ҳасан Аманқулов астрономик ҳисоб-китобларга кўра, Рамазон ойининг ҳилолини кузатишга тайёргарлик бўйича фикр-мулоҳазаларни билдирди.
Фатво бўлими мудири Ғуломжон Холбоев Ўзбекистон мусулмонлари идораси милодий 2022 (ҳижрий 1443) йилги закот нисоби, фитр садақа ва фидя миқдори бўйича маълумотларни тақдим этди.
Йиғилиш ишчан ва дўстона руҳда ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1495 марта ўқилди

Янгиликлар

Top