Ўзбекистон янгиликлари

Президент фармони билан 75 нафар шахс афв этилди

 

Инсонпарварликнинг юксак намунаси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Наврўз умумхалқ байрами арафасида халқимизга хос эзгулик, бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 75 нафар шахс афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 4 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 53 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 2 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 16 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 18 нафарини чет эл фуқаролари, 17 нафарини аёл, 15 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 6 нафарини ногиронлар ҳамда 9 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

ЎзА

1507 марта ўқилди

Янгиликлар

Top