Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари: беҳисоб неъматлар ичидамиз, унинг шукронасини адо этишимиз шарт

Аввал хабар берганимиздек, бугун 25 март куни муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Сирдарё вилояти Гулистон туманидa жойлашган “Шодмонхўжа” жоме масжиди янги биносининг очилиш маросимида иштирок этиб, жума намозида жамоатга шукроналик ҳақида мавъиза қилиб, жума намозини адо этиб бердилар.

Муфтий ҳазратлари йиғилганларни янги ва обод масжид билан муборакбод этар экан, унинг қиёматгача эл хизматида бўлишини сўраб дуо қилдилар.

– Бугун жаҳонда содир бўлаётган воқеаларни кўриб, кузатиб турибсизлар. Бундай неъматлар ҳар кимга ҳам берилгани йўқ. Қайси, жамиятда тинчлик, осойишталик бўлса, шу ерда ривожланиш, ободлик бўлмоқда, – деди муфтий ҳазратлари ўз маърузаларида. – Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсин, юртимиз тинч, сиз билан биз мана шундай гўзал масжидларда юзма-юз мулоқот қилиб ўтирибмиз. Бунинг шукрини адо этишимиз шарт. Чунки осойишталик неъмати туфайли кейинги йилларда барча соҳаларда катта ўзгаришлар бўляпти. Ҳар кун, кунора янги масжидлар очиляпти. Куни кеча пойтахтда қайтадан бунёд этилган жоменинг очилишида иштирок этган бўлсак, бугун Гулистонда жоме мaсжид очилишида қатнашмоқдамиз. Албатта, бу ҳар бир мўмин-мусулмонни хурсанд қиладиган хабар. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, кейинги йилларда республика бўйлаб масжидлар сони 2100 тадан ошди. Сўнгги 5 йилнинг ўзида 70 тага яқин янги масжид oчилди, 200 дан зиёди қайта бунёд этилди. Бундай ишлар жадал давом этмоқда.

Муфтий ҳазратлари суҳбати давомида диний соҳада бўлаётган ўзгаришлар тўхталиб, сўнгги йилларда Қуръон ва тажвидни ўргатиш бўлими ташкил этилгани ҳамда охирги 5 йилда 3 та диний таълим муассасаси – Бухорода Мир Араб Олий мадрасаси, Самарқандда Ҳадис илми олий мактаби ва Сурхондарёда Имом Термизий мадрасаси таъсис этилгани, қабул квоталари бир неча баравар оширилганини алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, шу кунларда умра зиёрати бўйича қилинаётган ишларни ҳам алоҳида эътироф этдилар. Куни кеча пойтахтимизда I Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтганини тилга олиб, бу йирик форумларни ўтказиш ва катта лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишдан мақсад фаровонлигимизни ошириш қаратилганлигини қўшимча қилдилар. Бундай улкан ўзгаришлар, янгиланишлар тинч, осойишта юртга ярашишини, бунинг учун Аллоҳга беҳад шукроналар айтиш кераклигини таъкидлаб, Иброҳим сурасининг: “…Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмайсизлар…” оятини шарҳлаб, унинг мазмун-моҳиятини тушунтириб бердилар.

Дарҳақиқат Аллоҳнинг биз бандаларига берган неъматларининг ҳисобига етиш мушкул. Бу неъматлар ичида биз ҳис қилган ва қилмаган, билган ва билмаган беҳисобдир.
Муфтий ҳазратлари маъруза сўнгида Аллоҳга шу кунларга етказгани учун шукроналар айтиб, юртимиз равнақи ва масжид қурилишида иштирок этган юртдошларимиз ҳақига дуолар қилдилар.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

1512 марта ўқилди

Янгиликлар

Top