Ўзбекистон янгиликлари

Яшил макон – ўзбегимга муносиб

Халқимиз азалдан табиатни асраб-авайлаган. Тупроқ, сув, ҳаво ва остонасини пок сақлашга интилган. “Бирни кессанг, ўнни эк”, деган мақол ҳам бежиз айтилмаган. Оилада янги фарзанд дунёга келса, унга атаб ниҳол экилган.

Жорий йилнинг 2 февраль куни муҳтарам Юртбошимиз раисликларида  ўтказилган видеоселектор йиғилишида табиатга нисбатан бўлаётган аёвсиз муносабат ва у келтириб чиқараётган экологик вазият атрофлича таҳлил қилиниб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифалар белгилаб берилди.

Хусусан, 1 мартдан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири бошланиши эълон қилинди. Дарҳақиқат, шаҳар ва туманларимиз маркази фақат баланд иморатлари билан эмас, ўзига хос яшил табиати, манзараси билан ҳам гўзал бўлиши керак. Экаётган дарахтларимиз ҳам эртанги авлодга қолдирадиган меросларимиздан бири. Наманганликлар азалдан боғу гулзорлар яратиш иштиёқи билан яшайди.

Муқаддас китобимиз — Қуръони каримнинг икки юз эллик оятида табиат, уни асраб¬авайлаш мавзулари зикр этилгани исломда бу масалага қанчалик катта эътибор қаратилганини англатади. Бутун ер юзини Аллоҳ таоло инсонлар учун маскан қилиб берганига шукр қилишимиз керак. Деҳқончилик ва боғдорчилик ишларига тарғиб қилувчи муборак ҳадиси шарифлар ҳам кўп.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қайси бир мусулмон бир кўчат экса ёки бирор-бир зироат қилса, ундан қушми, инсонми, ҳайвонми еса, албатта, унинг учун бундан садақа ҳосил бўлади”, деганлар.

Демак, барчамиз ўзимиз яшаб турган ҳовлимизга, маҳалламизга дарахт ва гул кўчатларини эксак, ундан кимдир манфаат олса, бундан бизга савоб етишини, беқиёс фазилатини тушуниб саъй-ҳаракат қилишимиз лозим.Суви ва тупроғи зар юртимизга яшиллик, боғ-роғ ва ўрмонлар ярашади.

Аждодларимиз “таёқ қадаса кўкарадиган” она еримизда дарахтзорларни кўпайтиришдек савобли амалларга жиддий аҳамият беришган. Азму шижоати юқори наманганликлар хайрли ишнинг биринчи босқичини муваффақиятли уддаладилар. Яратилажак боғлар ва “яшил майдон”ларнинг олди яқин икки-уч йилда бўй кўрсатади. Чунки ният холис, амал эзгу, иштиёқ баланд.

Бугун ана шундай хайрли тадбирнинг давоми ўлароқ Наманган вилояти ҳокимлиги, Дин ишлари бўйича қўмита вилоят бошқармаси ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллиги ташаббуси билан Чортоқ тумани “Бешкапа” маҳалласи “Қорачуқи” майдонида “Яшил йиллик” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбири ташкил этилди.

Унда дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоят бошқармаси мутахассислари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакиллиги масъуллари, имом-хатиблар, имом-ноиблар, мутаваллилар ҳамда “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртининг ўқитувчи ва талабалари иштирок этдилар.

Жараёнда вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай домла Турсунов, туман ҳокими Анваржон Отаходжаевлар сўзга чиқиб, ўз тилакларини билдирдилар. Тадбир давомида 20 гектар жойга 4000 тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.

Юртимиз бўйлаб кенг миқёсда ўтказилаётган “Яшил йиллик” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган бу каби тадбирлар ҳудудлар қиёфасини обод этиш баробарида, табиатни асраш, экологик мусаффоликни таъминлашга кўмак бериши билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакиллиги

Матбуот хизмати

1341 марта ўқилди

Янгиликлар

Top