Ўзбекистон янгиликлари

Рамазон ойида нархларнинг барқарорлигини таъминлаш учун тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда ЎзА.
–Ҳозир дунёда жуда мураккаб давр давом этаяпти. Ҳар куни янги синовлар билан тўқнаш келаяпмиз. Лекин, бу – эртага нима бўлади деб, кутиб ўтириш керак, дегани эмас. Муаммоларни тезкор аниқлаб, ҳал қилиш ва янги имкониятларни излаб топишимиз зарур, – деди Президент.
Қорақалпоғистон, Андижон, Сурхондарёда тадбиркорларнинг муаммоларини ичига кириб, кўп таклифлар тайёрлангани қайд этилиб, қолган вилоятларнинг ҳаракати суст, ташаббус ва таҳлил йўқлиги танқид қилинди.
Масалаларни доимий таҳлил қилиш ва тезкор чораларни кўриб бориш мақсадида Бош вазир бошчилигида кундалик ишлайдиган Республика штаби ташкил этилади. Ушбу штабга вилоят ҳокимлари ва тегишли вазирлар ҳам аъзо бўлади.
Штаб олдига бозордаги нарх-навони кундалик аҳволи бўйича зарур тезкор чораларни кўриб бориш вазифаси қўйилди.
Президент март ойи бошида кузатилган шакарга “ажиотаж” мавзусига тўхталди.
Айрим ҳудудларда шакар нархи асоссиз ошган. Айниқса Жиззах, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳрида мавжуд захиралар ўз вақтида тарқатилмагани сабабли шакар нархи кескин ошган.
–Савол туғилади. Ушбу ҳудудларнинг ҳокимлари ва прокурорлари қаёққа қараган, –деди Президент.
Шунинг учун вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари ҳар куни ўз ҳудудидаги озиқ-овқат, айниқса, ун, шакар ва ёғнинг нархини жойларда юриб ўрганади ва барқарорликни таъминлаш учун тезкор тадбирларни кўриб боради.
Айниқса, кириб келаётган Рамазон ойида нархларнинг барқарорлигини таъминлаш учун тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиб, нахрларни арзонлаштириш бу улуғ айём кунларида катта савоб эканлигини барча тадбиркорларга тушунтиришлари кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Республикага четдан буғдой, ўсимлик ёғи ва шакарни олиб келиш бўйича барча масалалар ҳал қилиб берилгани, энди буни ақл билан самарали ташкил этиш кераклиги таъкидланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1367 марта ўқилди

Янгиликлар

Top