Ўзбекистон янгиликлари

“Хадичаи Кубро” ислом таълим муассасасида “Қуръон мусобақаси-2022” ўтказилди

Яқинда “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасида “Қуръон мусобақаси - 2022” бўлиб ўтди. Таълим муассасасининг хабар беришича, мусобақа 30 поралик мураттаба йўналиши, 15 поралик мураттаба йўналиши ҳамда мужаввада йўналиши бўйича жами 14 та иштирокчи талаба қизлар ўртасида бўлиб ўтди.
Ҳайъат аъзолари Имом ал-Бухорий номли Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” бўлими кафедраси устозлари Жаҳонгир қори Неъматов, Валихон қори Азимбоев, Зафар қори Махмудов, Фарход домла Жўраевлар ҳар бир иштирокчини 100 баллик тизимда совт, ҳифз, тажвид, тараннум каби жиҳатларга кўра баҳоладилар.
Натижага кўра, мужаввада йўналиши бўйича 1-ўрин 1-курс талабаси Моҳрўя Абдураҳмоновага, мураттаба йўналиши (15 поралик) бўйича 1-ўрин 3-курс талабаси Ҳусния Муҳаммадназировага, мураттаба йўналиши (30 поралик) бўйича 1-ўрин соҳибаси 4-курс талабаси Хўжаёр Аминаларга насиб этди. Ғолибларга фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалар топширилди.
Тадбир сўнгида Қуръонни жамлаш бўйича бир қанча таалабалар “Хадичаи Кубро”, “Оишаи Сиддиқа” ва “Фотимаи Заҳро” каби номдор фахрий ёрлиқлар ва совғалар билан тақдирландилар. Қуръон тиловати билан бошланган мусобақа тадбири Қуръон тиловати, устоз ва фахрий устозларнинг самимий тилак ва дуойи фотиҳалари билан якунланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1652 марта ўқилди

Янгиликлар

Top