Ўзбекистон янгиликлари

Китоб кўргазмаси Рамазонга муносиб туҳфа бўлди

Айни кунда юртимизда Рамазон ойи ўзгача руҳ ва шукуҳли тарзда давом этмоқда. Аксарият кишиларнинг дилида, тилида эзугилик, яхшилик, амаллари эса ибодат бўлмоқда.


Бундай хайрли ва шукуҳли онларда бугун пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом мажмаусида бўлиб ўтаётган “Китоб – камолот калити” илмий-маърифий китоблар кўргазмаси ва савдосининг ташкил этилгани ҳам Рамазон ойига муносиб туҳфа бўлди, дейиш мумкин. Чунки кўргазмада турли расмий чиқишлардан сўнг, талабаю ўқувчилар ва жажжи болажонларнинг Рамазон ойига бағишланган саҳна кўринишлари китоб кўргазмасига байрамона тус берди.


7-8 апрель кунлари бўлиб ўтаётган мазкур кўргазма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташаббуси ташкил этилди. Унда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказлари ҳада бир қатор нашриётлар, китоб дўконлари ўзларининг бир-биридан қизиқ, илмий-маърифий ва бадиий китоблари ҳамда матбаа маҳсулотлари билан иштирок этмоқдалар.
Рамазон муносабати билан ташкил этилган маърифий тадбир доирасида турли янги китоблар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Шунингдек, таниқли уламою олимлар иштирокида ёшларни имл-маърифатга даъват этадиган суҳбатлар ҳамда кўргазма иштирокчилари ўртасида “Кўргазманинг энг фаол иштирокчиси”, “Энг яхши диний-маърифий китоб”, “Энг ёш китобхон”, “Энг фаол талаба” номинациясида совринли танловлар ҳам ўтказилмоқда.


Қолаверса, кўргазмада хаттотлик санъати бўйича маҳорат дарслари, нашриёт ва босмахоналар ўртасида турли номинациялар бўйича танловларнинг ташкил этилгани унинг янада қизғин ўтишига хизмат қилмоқда.


Нашриётлар ва китобхонларни бир-бирига яқинлаштириш ва китобхонлик маданиятини шакллантириш каби эзгу мақсадлар кўзланган кўргазма том маънода ўзини оқлади, дейиш мумкин. Буни кўргазамага ташриф буюрувчиларнинг кўплиги ҳамда аҳолимизнинг китобга бўлган муносабатидан билиш мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1514 марта ўқилди

Янгиликлар

Top