Ўзбекистон янгиликлари

Маданий меросни биргаликда тадқиқ этишади

Малайзиянинг «Astro Awani» телеканали веб-сайтида «Малайзия Миллий университети Ўзбекистон билан ҳамкорликда малай тили ва ислом цивилизациясини ўрганиш тарғиботини бошлаб беради» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилаяпти «Дунё» АА.
Мақолада Малайзия ва Ўзбекистон университетлари биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориш, талабалар алмашинуви дастурини ишга тушириш, профессор-ўқитувчилар стажировкасини ташкил қилиш, уларнинг малакасини оширишга бўйича Ҳамкорлик меморандумини имзолагани қайд этилган.
Муаллиф Малайзия Миллий университети қошидаги Ислом цивилизацияси институти директори, профессор Фариза Шам маълумотига таянган ҳолда, Тошкент давлат шарқшунослик университетида малай тили кафедрасини ташкил этиш режалаштирилаётганини маълум қилган.
«Биз Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сидиқов билан самарали музокаралар ўтказдик ва яқин келажакда амалий лойиҳаларимизни ҳаётга тадбиқ эта бошлаймиз. Ислом цивилизациясининг умумий бой илмий ва маданий меросини тарғиб қилиш соҳасида университетимизнинг уч нафар тадқиқотчиси яқин фурсатда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда қўшма тадқиқотлар олиб боради», - дея Фариза Шамнинг сўзларини иқтибос келтиради нашр.
Нашрда Куала-Лумпурда Малайзия Миллий университети, Малайзия Ислом цивилизацияси институти, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Тошкент давлат шарқшунослик университети ўртасида Ҳамкорлик меморандумлари имзолангани ҳамда тегишли келишувларга эришилганини маълум қилган.
«Малайзия университети раҳбариятининг айтишича, ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум Ислом цивилизациясининг илмий ва маданий меросини биргаликда тадқиқ этиш, талабалар алмашинуви дастурини бошлаш ва ўқитувчилар таркибини амалиёт ва малака ошириш учун юборишда стратегик шерикликни қамраб олишга қаратилган. Малайзия Миллий университети ва Ўзбекистон олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорлик ўтган йиллар давомида турли соҳаларда муваффақиятли ривожланмоқда», - деб ёзади «Astro Awani».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1223 марта ўқилди

Янгиликлар

Top