Ўзбекистон янгиликлари

Рамазондаги отинойилар фаолиятидан...

Раҳмат ва мағфират ойи бўлган Рамазон кунларида инсонлар ҳам баданий, ҳам молиявий ибодатларни бошқа ойларга қараганда кўпроқ қилишга шошишади. Чунки бу ойда ҳар бир қилинган амалнинг эвазига 70 тадан 700 тагача савоб берилиши ҳадиси шарифда баён этилган: «Ҳар бир хайрли амалга ўн баробардан етти юз баробаргача савоб берилади» (Имом Табароний ривояти).

Айни шу улуғ кунлардаЎзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги вилоят, туман, шаҳар бош имом-хатибларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари бўлган отинойилар ҳам бундай савобли ишга ҳисса қўшмоқдалар.  

Жумладан, Андижон отинойилари кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олишиб, уларга саховат инсонларни жалб қилган ҳолда, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак ва пул маблағларини улашдилар.

Сирдарё вилояти отинойилари ҳам мискин оилалар ва “Меҳр-3” операцияси орқали Сурия давлатидан олиб келинган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар ва имконияти чекланган муҳтож оилаларга  ҳомийлар томонидан ажратилган эҳсонларни тарқатишди.

Тошкент вилояти отинойилар иштирокида ҳомийлар билан уй-жойи йўқ етти оилага “Меҳрли қўллар” жамоаси томонидан қуриб берилган уйларни жиҳозлаб берилди. Шу билан бирга, кўплаб кўнгли ярим инсонларга хайр-эҳсонлар тарқатишди.

Жиззах вилоятида ҳам мурувват ишлари авжида. Вилоят отинойилари ёлғиз оналар, вақтинча яшаш жойда истиқомат қилаётган муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар тарқатишди. Шунингдек, вилоятда яшовчи бир гуруҳ имконияти чекланган фуқароларни Самарқанд шаҳрига зиёратга олиб боришди.

Қашқадарё вилояти отинойилари эса Қарши шаҳрида жойлашган “Мурувват” ногиронлар уйида тарбияланаётган меҳрга муҳтож, мурғак қалбларга ширин сўз ва совға-саломлар ила хурсандчилик улашдилар.

Моҳи Рамазоннинг ҳар онини ғанимат билиб, мана шундай хайр-эҳсонларни кўпайтириб, улуғ ажрларга эга бўлишга шошилайлик! Зеро, Қуръони каримда: “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб  беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир”, дея марҳамат қилинади  (Бақара сураси, 261-оят).

 

ЎМИ  Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими

1264 марта ўқилди

Янгиликлар

Top