Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари тарихий мулоқотда мусулмонлар бирдамлиги йўлида муҳим таклифларни илгари сурдилар

Бугун, 15 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарларининг I йиғилишида иштирок этиб, бугун мусулмон олами олдида турган муҳим масалалар юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини билдириб, бир қатор таклифларни илгари сурдилар.

Муфтий ҳазратлари нутқларида қуйидаги муҳим жиҳатларга алоҳида диққат қилдилар:

“Бугун мўмин-мусулмонлар иттифоқлиги ҳар қачонгидан ҳам бугун жуда муҳим бўлмоқда. Қуръони каримнинг бир неча оятларида Ислом умматини бирлашишга чақиради. Ҳақ таоло айтади: “Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!” (Оли Имрон сураси 103-оят). Бошқа ояти каримада: “Албатта, мўминлар ўзаро биродардирлар...” (Ҳужурот сураси 10-оят), дейилади.

Фурсатдан фойдаланиб, ўзаро ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаш мақсадида қуйидаги таклифларни билдираман:

Биринчи, халқларимизнинг урф-одати, ҳаёт тарзи азалдан муштарак бўлган. Шу боис, бугунги глобаллашув ва таҳдидлар зўрайган даврда мўмин-мусулмонлар эътиқодий бирлигини таъминлаш ҳамда иттифоқлигини мустаҳкамлаш мақсадида, Туркий давлатлар диний идоралариаро Фатво ҳайъатини ташкил этишни таклиф этамиз.

Охирги 5 йилда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон уламолари билан Рамазон ойи, Ийдул Фитр ва Ийдул Азҳонинг биринчи куни, намоз вақтларини аниқлаш ҳамда замонавий шаръий масалаларда фатво ишлаб чиқишдаги ҳамкорлигимиз ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Мазкур Фатво ҳайъатини ташкил этиш орқали ушбу ишларнинг фаолият кўлами ва жўғрофияси янада кенгайиб, туркий халқлар ҳамжиҳатлигини оширишга эришилади, инша Аллоҳ.

Иккинчи, ҳозирги мураккаб замонда Имом Мотуридий ақидавий таълимотларининг нақадар пухталиги ва Ҳанафий мазҳабининг шаръий масалалари ниҳоятда халқчил эканини англаб етилмоқда. Аллоҳга шукрки, қадимдан туркий халқларимиз ақидада Имом Мотуридий йўналишига, фиқҳда Абу Ҳанифа мазҳабига эргашадилар.

Ақидамиз ва мазҳабимизга турли томондан таҳдидлар бўлаётган бир паллада Имом Мотуридий ва Ҳанафий мазҳаби таълимотларини халқларимиз онгу-шуурига чуқур сингдириш мақсадида, ҳар йили бир марта Имом Мотуридий таълимотларини тадқиқ этиш ва кенг ёйишга бағишланган Туркий давлатлар уламоларининг Форумини ўтказиш, шунингдек, йилда бир марта Ҳанафий мазҳаби мўътадиллигини кенг тараннум этадиган Туркий давлатлар уламолари Симпозиумини ўтказишни таклиф этамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, Имом Мотуридий таълимотларини тадқиқ этишга бағишланган биринчи Туркий давлатлар уламолари Форумини ушбу аллома туғилиб, ижод этган Самарқанд заминида ташкил этиш таклифини тақдим этамиз.

Учинчи, Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий, Имом Термизий ҳамда Имом Мотуридий халқаро илмий марказлар ташкил этилиб, ислом уламолари асарларини тадқиқ этиш ишлари йўлга қўйилди. Бундай ишлар қардош давлатларда ҳам олиб борилаётганидан хабаримиз бор. Шу боис, мана шундай тадқиқ этилган нодир ва ноёб асарларни қардош тилларга ҳам таржима қилиш ва мўмин-мусулмонларга етказиш каби илмий лойиҳаларни амалга оширишни таклиф этаман.

Тўртинчи, сўзга чиққан нотиқлар қайд этганларидан маълум бўлмоқдаки, бугунги глобаллашув даврида диний соҳа ходимларининг масъулияти янада ошиб бормоқда. Шу боис, диний кадрларни касб-маҳоратларини ошириш борасида ҳам соҳа ходимларининг тажриба алмашишларини жорий этиш яхши натижаларни беради.”

Муфтий ҳазратларининг таклиф ва мулоҳазалари анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотиб, бу таклифларни бир овоздан маъқулладилар.

Айниқса, Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси Али Эрбош амалий ва долзарб аҳамиятга эга бўлган мана шундай таклифлар учун миннатдорлик билдириб, уларни амалги оширишда борасида барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёр эканини маълум қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1552 марта ўқилди

Янгиликлар

Top