Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистоннинг муборак масканлари Озарбайжон ОАВлари эътиборида

Бокуда Озарбайжон туризм-блогерлари уюшмаси вакиллари учун Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти бўйича тақдимот ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Тадбир мамлакатимиз элчихонаси кўмагида ўтказилди. Тақдимот доирасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, мамлакатимиз ҳудудида 7 мингдан зиёд қадимий ва ўрта аср меъморчилиги ёдгорликлари, ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган шаҳар ва объектлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Бундан ташқари, сўнгги йилларда дам олиш, спорт, зиёрат, соғломлаштириш ва туризмнинг бошқа турлари учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.

Тақдимотда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси (Самарқанд), етти пир қадамжолари (Бухоро) ва бошқа муқаддас гўшалари мусулмон мамлакатлари, жумладан, Жануби-Шарқий Осиё давлатларидан келган зиёратчилар ўртасида машҳур эканлиги таъкидланди.

Тадбирда Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) Бош Ассамблеясининг 25-сессияси 2023 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши маълум қилинди. Ҳозирги кунда Самарқандни дунёнинг етакчи сайёҳлик марказларидан бирига айлантириш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани ҳақида сўзлаб берилди.

Анжуман якунида май ойининг биринчи ўн кунлигида туризм соҳасини ёритувчи блогерлар кўмагида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган навбатдаги тақдимотни кенгроқ аудитория учун ўтказиш, шунингдек, Ўзбекистонни Озарбайжон жамоатчилиги орасида кенг тарғиб қилиш учун турли викторина ва танловлар ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1036 марта ўқилди

Янгиликлар

Top