Ўзбекистон янгиликлари

Диний идора мутахассислари тажриба алмашиш учун хорижга жўнаб кетди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси бўлими мудири Камолиддин Маҳкамов, ушбу бўлим етакчи мутахассиси-реставратор Саидраҳмат Икромов ҳамда Диний идора Зиёрат туризмини илмий ривожлантириш сектори мудири Жаҳонгир Саломовлар хориж мамлакатларидаги йирик кутубхоналар, илмий тадқиқот марказлари ва музейларнинг тажрибаларини ўрганиш мақсадида хизмат сафарига жўнаб кетди.

Маълумки, сўнгги йилларда халқимиз тарихи ва бой маданиятини тиклаш, улуғ алломаларимиз илмий меросини асраб-авайлаш ва ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва уларнинг мазмун-моҳиятини ёш авлодга етказиш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Айни вақтда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар натижасида бу йўналишдаги ишлар ҳам сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда.
Мазкур йўналиш бўйича жаҳон миқёсида ноёб ҳисобланган, Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган қўлёзмалар фондига эга бўлган Туркия, Германия, Франция, Буюк Британия ва Америка Қўшма Штатлардаги йирик кутубхоналар, илмий тадқиқот марказлари ва музейларнинг тажрибаларини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.

Маълумот учун, 2017 йили Президентимизнинг “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинган эди. Унга мувофиқ, турли давлатларда сақланаётган қадимий ноёб қўлёзмалар, чет эл фондларидаги мавжуд асарлар нусхаларини айрибошлаш ёки олиш ҳисобидан Ўзбекистондаги қўлёзма ва ёзма манбалар фондларини бойитиб бориш белгиланган. Шунингдек, унда Ўзбекистоннинг турли ташкилотларида сақланаётган араб ёзувидаги қўлёзма асарлар, тошбосма китоблар ва тарихий ҳужжатларнинг сақлаш ва таъмирлаш ҳолатини янада такомиллаштириш масалалари ҳам белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхона фондида 3 минг жилддан зиёд қўлёзма, 20 минг жилддан ортиқ тошбосма ва янги нашр китоблари сақланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1014 марта ўқилди

Янгиликлар

Top