Ўзбекистон янгиликлари

Диншуносликнинг долзарб муаммолари нималардан иборат?

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Диншуносликнинг долзарб муаммолари” мавзусида анъанавий илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Бу ҳақда uza.uz хабар берди.

Мазкур конференцияни ўтказишдан асосий мақсад диншунослик, тарих, фалсафа, халқаро муносабатлар сингари дунёвий таълим йўналишлари ҳамда Қуръон илми, ҳадиси шариф, ислом ҳуқуқи, тасаввуф, ислом тарихи, манбашунослиги каби диний таълим йўналишлари билан боғлиқ фанларни ривожлантиришга оид амалга оширилган илмий изланишлар натижалари билан илмий жамоатчиликни таништиришдан иборатдир.

"Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш UNESCO" кафедраси томонидан жорий йилда ўн тўртинчи маротаба ташкил қилинган мазкур анъанавий конференцияда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти, Тошкент давлат юридик университети, Тошкент ислом институти, UNESCO ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси, юртимиздаги олий таълим муассасалари мутахассислари, профессор-ўқитувчилар, докторант ва магистрантлар иштирок этди.

Zoom дастури орқали онлайн ва оффлайн форматда ўтган тадбирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ўткирбек Ҳасанбоев, UNESCO ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси бош котиб ўринбосари Сайидафзал Маллахонов мамлакатимизда муқаддас ислом динининг маърифатпарвар ғояларини тарғиб этиш юзасидан тизимли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

Бу йилги конференцияга хорижий давлатлар илмий ва ўқув муассасаларидан мутахассислар ҳам таклиф қилинди. Чунончи, "Нур-Муборак" Миср ислом маданияти университети (Қозоғистон), Озарбайжон илоҳиёт институти (Озарбайжон), шунингдек, Германия, Россия ижтимоий соҳа мутахассислари конференция иштирокчиларини диншуносликка оид мавзулар тадқиқи ва таълими юзасидан эришган ютуқлари билан таништирди.

Анжуманда “Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази – маърифий исломни тарғиб этувчи маскан”, “Ўзбекистонда олий диний таълим тарихи, бугуни ва истиқболи”, “Диний бағрикенглик маданиятини шакллантиришда динлараро мулоқотнинг аҳамияти”, “Диншунослик фанларини модуль-кредит тизимида ўқитишнинг замонавий асослари”, “Ҳаким Термизий асарларида диний бағрикенглик тамойиллари”, “Янги Ўзбекистонни барпо этиш шароитида диншуносликнинг долзарб муаммолари” каби маърузалар тингланди.

– Конференцияга келиб тушган диншунослик, исломшунослик, тарих, фалсафа, дин психологияси каби ижтимоий фанлар йўналишига оид турли илмий мақолалар мазкур анъанавий анжуманнинг тўпламидан ўрин олган, – деди Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш UNESCO” кафедраси мудири Маҳфуза Алимова. – Тўплам юртимиз олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида диншунослик фанлари бўйича дарс берувчи профессор-ўқитувчилар, педагоглар, олимлар, исломшунос, шарқшунос, манбашунос, тарихчилар, ёш илмий тадқиқотчиларнинг илмий изланишлари асосида ёзилган 100 га яқин мақолаларни ўзида жамлаган. Унда диний бағрикенглик, миллий ва диний қадриятлар уйғунлиги, аждодлар илмий-маънавий меросининг маънавий ҳаётимизда тутган ўрни ўз ифодасини топган.

Тадбир якунида академия профессор-ўқитувчилари томонидан 2021-2022 ўқув йили давомида диншунослик соҳаси бўйича нашр қилинган илмий ва ўқув адабиётлари тақдимоти намойиш этилди.

Н.УСМОНОВА

1204 марта ўқилди

Янгиликлар

Top