Ўзбекистон янгиликлари

Самарқандлик ҳаттот Қуръон китобини кўчириб ёзди

Самарқандлик ҳаттот Абдужалил Эргашев 60х80 ҳажмдаги катта Қуръон китобини ёзди. Sputnik билдиришича, бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги хабар бермоқда.


“Ушбу улуғ каломлар битилган китобни уч йил мобайнида 310 вараққа (2 томонлама), 620 саҳифада араб куфи хатида ёзишга муваффақ бўлдим”, - дейди ҳаттот.


Ҳатотнинг айтишича, Самарқанд қоғози ўзининг умрбоқийлиги, ҳар икки томонига ҳам ёзиш мумкин бўлганлиги ҳамда сувда ивимаслиги билан шуҳрат қозонган. Шунинг учун китоб варақларига шу қоғоздан фойдаланилган.


Маълумот учун, Самарқанд қоғози “Конигил-Мерос” қоғоз ишлаб чиқариш ҳунармандчилик марказида ишлаб чиқилади. Қоғозлар аҳоли орасида “балх тути” деб аталувчи тут нави пўстлоғидан тайёрланади. Бугунги кунда самарқанд қоғозидан нафақат Ўзбекистон, балки Япониядаги қадимий ёзма битиклар ва нодир асарларни қайта таъмирлашда кенг фойдаланилмоқда.


Қуръони каримнинг бизгача етиб келган 10 та қадимий қўлёзмаси мавжуд. Улар “Бирмингем Қуръони қўлёзмаси”, “Сана қўлёзмаси”, “Тўпқопи қўлёзмаси”, “Қуръоннинг Самарқанд қўлёзмаси”, “Санкт-Петербургдаги Қуръон”, “Ҳаворанг Қуръон”, “Ибн ал-Баваба”, “Аналус қўлёзмаси”, “Мағриб қўлёзмаси”, “Севиля Қуръони” деб аталади.


Қуръоннинг йирик ва энг қадимий нусхаларидан бири – “Усмон Мусфаҳи” ҳам Ўзбекистонда, “Мўйи Муборак” мадрасасида сақланади.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1239 марта ўқилди

Янгиликлар

Top