Ўзбекистон янгиликлари

Нодир қўлёзмаларни ўрганиш учун Буюк Британиядаги йирик кутубхоналарга ташриф

29 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегациясининг Буюк Британияга ташрифи ниҳоясига етди, деб хабар бермоқда "Дунё" ахборот агентлиги.


Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси кўмагида делегация 27-29 апрель кунлари Британия кутубхонаси, Бирмингем университети қошидаги «Кэдбери» тадқиқотчилик кутубхонаси, Оксфорд университети қошидаги Бодлиан кутубхонаси, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази ва Буюк Британия ва Ирландия Қироллик осиё жамиятида бўлди ва ушбу тузилмалар раҳбарияти ва вакиллари билан музокаралар олиб борди.


Ўзбекистон делегацияси Британия музейларида сақланаётган қадимий қўлёзмалар, жумладан, Ибн Синонинг "Тиб илми қонуни", Муҳаммад Ал-Бухорийнинг "Саҳиҳ ал-Бухорий", Ал-Хоразмийнинг "Китоб ал-жабр вал-муқобала", Алишер Навоийнинг "Хамса"си 4 та асари, Мирзо Улуғбекнинг "Зижи Жадиди Кўрагоний"/"Астрономик жадваллар" ва бошқалар билан танишди.


Ўзбекистонлик мутахассислар қўлёзмаларни ўрганиш, сақлаш ва қайта тиклаш бўйича Британия кутубхоналари фаолияти билан танишдилар. Томонлар, шунингдек, қадимий қўлёзмаларни сақлаш, тиклаш ва рақамлаштириш соҳасида Британия илғор тажрибаларини ўрганиш, жалб қилиш ва ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалаларини муҳокама қилишди. Тажриба алмашиш, ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш, қўлёзмалар кўргазмаларини биргаликда ташкил этиш, уларни рақамлаштириш соҳасида аниқ лойиҳаларни амалга ошириш режалари белгилаб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1142 марта ўқилди

Янгиликлар

Top