Ўзбекистон янгиликлари

АҚШ сафаридаги имом-хатибларимиз минглаб ватандошлар билан ҳайит намозини адо этишди

АҚШнинг Флорида штати Орлондо шаҳридаги Ал-Бухорий Ислом марказида Ўзбекистонлик имом-хатиблар мусофир ватандошларимиз билан бирга Рамазон ҳайити намозини адо этишди.

Ҳайит намози асносида уламоларимиз манфаатли мавъиза ва хайрли дуолар қилдилар.

Маълумот учун, АҚШдаги дипломатик ваколатхонамиз ташаббуси ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда шу йилнинг 20 апрелидан 2 майга қадар ўзбекистонлик бир гуруҳ имом-хатибларнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи ташкил этилди.

Ушбу ташриф доирасида имом-хатиблар юртдошларимиз истиқомат қилаётган ва таҳсил олаётган Американинг 6 та шаҳрида бўлдилар. Хусусан, 20 апрель куни Вашингтон шаҳрига, 21 апрелда - Филаделфияга, 22 апрелда - Нью-Йорк, 23 апрель куни – Синсиннатига, 24 апрелда - Чикагога, 25 апрелда эса Орландога ташриф буюришди.

Мазкур вақт давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакилларининг ватандошлар, миллий диаспоралар етакчилари билан учрашувлари ҳамда маҳаллий масжидларда ислом динининг қадриятлари, радикализмга қарши курашиш, АҚШда яшовчи ўзбек ёшлари ўртасида экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олиш ҳақида маърузалар билан чиқишлар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1064 марта ўқилди

Янгиликлар

Top