Ўзбекистон янгиликлари

“Усмон Қуръонининг қайтиши” ҳужжатли фильми суратга олинди

Ўзбекистон Кинематография агентлиги, Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича бутунжаҳон жамияти, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА) ва Sevimli телеканали ҳамкорлигида суратга олинган “Усмон Қуръонининг қайтиши” ҳужжатли фильмида Тошкентдаги қадим Усмон мусҳафининг ҳайратларга бой тарихи сўзланади.

– Ҳар бир мусулмон учун улуғ бўлган Рамазон ойида бундай лойиҳанинг яратилиши рамзий маъно касб этади. Бу фильмни Ўзбекистон миқёсида қанчалик кўп одам кўрса, шунчалик кўп хурсанд бўламиз, Бу албатта, сиз билан навбатдаги катта лойиҳаларга қўл уришимизга асосий омил бўлади, – деди Би-би-си ўзбек хизмати бош муҳаррири Хайрулло Файз.

Кинематография агентлиги Ахборот хизмати билдиришича, 2019 йил Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовнинг Лондондаги Би-би-си ўзбек хизматига ташрифи давомида Усмон Қуръони ҳақида фильм яратиш таклифи берилган эди. Аммо пандемия сабаб суратга олиш ишлари маълум вақт тўхтаб қолган лойиҳа ниҳоясига етиб, тез кунда томошабинлар эътиборига ҳавола қилиниши белгиланган.

– 2017 йил сентябрда Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюцияси илгари сурилган эди. Унда бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни ўрнатиш, диний эркинликни таъминлаш энг муҳим масалалардан бири сифатида эътироф қилинган.

“Усмон Қуръонининг қайтиши” фильмида ҳам давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришга алоҳида урғу берилган. Фильм нафақат юртдошларимиз, балки бутун мусулмон аҳлини хурсанд қиладиган кинофильм бўлади, десам адашмайман. “Усмон Қуръонининг қайтиши” фильмини Рамазон Ҳайити арафасида юртимиз телеканалларида намойиш этиш режалаштирилган. Унда нафақат фильмнинг махсус тақдимоти, балки фильм бўйича кўрсатувлар, ижодий суҳбатлар ташкил этилади. Айниқса, фильмнинг муборак Рамазон ойида премьера қилиниши халқимиз учун байрам туҳфаси бўлишига ишонаман, – деди Кинематография агентлиги “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” ДУК директори Фурқат Усмонов.

Ғоя муаллифи ва лойиҳа раҳбари Фирдавс Абдухолиқов, сценарий муаллифи ва бошловчиси Луиза Искандарий, саҳналаштирувчи режиссёр Меҳрубон Ализода, саҳналаштирувчи оператор Азизбек Норматов, рассом Алишер Умрзоқов. Тасвирга олиш ишлари Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида олиб борилган.

Фильмда ушбу нодир муқаддас қўлёзманинг XIX аср охирида Россияга юборилиши, Санкт-Петербургдаги Император кутубхонасида сақланиши ва кейинчалик Уфа муфтиятига топширилиши билан воқеалар ўрганилган. Архив ҳужжатлари асосида Усмон Қуръонининг 1923 йилда Ўзбекистонга қайтарилиши ҳақида ҳикоя қилинган. Фильмда Усмон Қуръонининг 1989 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасига топширилишига гувоҳ бўлган инсонларнинг ҳикояларидан ҳам фойдаланилган.

Маълумот учун, ЮНЕСКОнинг “Дунё хотираси” рўйхатига киритилган Қуръон китобини кўргани Тошкентга ҳар йили дунёнинг кўплаб давлатларидан юз минглаб мусулмонлар ва сайёҳлар келишади. Усмон Қуръони бу Қуръони Каримнинг сақланиб қолган энг қадимги нусхаси ҳисобланади.

Жаҳон экспертларининг фикрича, Ўзбекистон ўзига хос ноёб мамлакат бўлиб, унда иккита ноёб Усмон Қуръони сақланмоқда. Биринчи Қуръон ҳақида икки йил аввал Би-Би-Си билан ҳамкорликда суратга олинган “Катта Лангар қуръони: сирлар ва ҳақиқатлар” фильмида ҳикоя қилинган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1601 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Нуронийлар эъзозда Ҳамдардлик билдирамиз »

Янгиликлар

Top