Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат Гана бош имоми маслаҳатчисини қабул қилдилар

Бугун, 14 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Муфтий ҳазратлари Гана бош имоми маслаҳатчиси Умар Санда Аҳмад жанобларини қабул қилдилар.
Учрашувда муфтий ҳазратлари ўлкамизда масжид-мадрасаларни обод этиш, диний таълимни ривожлантириш, ислом маърифатини кенг ёйиш, улуғ алломалар асарларини тадқиқ этиш борасида қилинаётган ишларга алоҳида тўхталдилар.

Умар Санда Аҳмад жаноблари Ислом тарихидан то бугунги кунга қадар Ўзбекистон заминининг ўрни катта экани, ушбу диёрдан етишиб чиққан алломалар номини эслаганда барча мусулмонлар эҳтиром кўрсатиши, саҳоба ва тобеинлардан кейинги энг мўътабар зотлар айнан шу ўлкадан етишиб чиққани, айниқса, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби зотлар алоҳида шарафланишини сўзлади.

Шунингдек, Макка, Мадина, Қуддус шаҳарлари Ислом оламининг уч пойтахти бўлса, у тўртинчиси сифатида Ўзбекистонни қўшиш мумкинлигини айтди.
Меҳмон Ислом бир халқ ё жамиятга эмас, балки бутун инсониятга дин сифатида туширилгани, ким имон калимасини айтса, мусулмон бўлиши, динимизда инсонлар келиб чиқиши, ранги, тили, ижтимоий ҳолатидан қатъий назар ўзаро тенг эканини изоҳлади. Шунингдек, ушбу юрт одамлари юз-кўзида Имом Бухорий каби улуғ зотлар сиймолари яққол гавдаланишини мамнуният ила қайд этди.

Муфтий ҳазратлари Ислом дини дўсту биродарликни қўллаб-қувватлаши ва ўзаро аҳил-иноқ бўлиб яшашга даъват этишини ояту ҳадислар ила қўшимча қилдилар.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

1697 марта ўқилди

Янгиликлар

Top