Ўзбекистон янгиликлари

“Шарқ алломаларининг Ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси” мавзусидаги халқаро онлайн анжуман ўтказилади

Шу йил 19 май куни Юртимизда “Шарқ алломаларининг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси” мавзусида халқаро онлайн илмий-амалий анжуман бўлиб ўтади.

Юртимиз ва хориждаги нуфузли ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган халқаро онлайн анжуманда Ўзбекистондан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Миср Араб Республикаси, Буюк Британия, Малайзия, Покистон, Қозоғистон, Франция, Туркия каби давлатлардан маҳаллий ва хорижлик таниқли олимлар, жаҳоннинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари, соҳага оид илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар, мутахассислар иштирок этади.

Анжуманни ўтказишдан асосий мақсад бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилиш саналади.

Халқаро онлайн анжуманда иштирокчилар Шарқ алломалари меросида ислом илмлари, Мовароуннаҳрда табиий ва аниқ фанлар ривожи, мусулмон олимларининг жаҳон илм-фани тараққиётига таъсири, Шарқ алломалари илмий меросида бағрикенглик масаласининг ёритилиши юзасидан амалга оширилаётган замонавий тадқиқотлар каби муҳим илмий масалалар кенг муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, онлайн анжуманда олимлар Ислом цивилизациясининг жаҳон цивилизациясида тутган аҳамияти, бунда Шарқ алломаларининг ўрнига оид ўз фикр-мулоҳазаларини ҳам баён қилади. Бундан ташқари, Ислом цивилизацияси ва Шарқ алломаларининг ҳаёти ва илмий меросини халқаро жамоатчиликка етказиш масалалари ҳам кўриб чиқилади.

Анжуманда қатнашган халқаро экспертлар, мутахассис ва олимларнинг маърузалари ҳамда бошқа илмий натижалар алоҳида тўплам шаклида нашр этилади.

Бу каби тадбирлар Шарқ алломаларининг жаҳон илм-фани ва ислом цивилизациясига қўшган ҳиссасини кенг жамоатчиликка етказишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади, иншоаллоҳ.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1539 марта ўқилди

Янгиликлар

Top