Ўзбекистон янгиликлари

Ташриф ҳар жиҳатдан самарали бўлмоқда

Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасида барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишдаги ҳамкорлик сўнгги йилларда янги босичга кўтарилиб, ҳар жиҳатдан равнақ топиб, таҳсин ва эътирофларга сазовор бўлмоқда.
Икки давлатнинг диний-маърифий соҳадаги ҳамкорлигига анча олдин тамал тоши қўйилган. Бир вақтлар Бухородаги Мир Араб мадрасасида ҳамда Тошкент шаҳридаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида собиқ ССР давлатларидан келган талабалар таҳсил олишган. Улар орасида Россия мусулмонлари диний бошқармаси раиси, Россия муфтийлар кенгаши раиси Равиль Гайнутдин, Россия олий муфтийси, Мусулмонлар марказий диний бошқармаси раиси, Шайхул Ислом Талъат Тожуддин ҳам бор.


Шу боис номлари зик этилган уламолар Ўзбекистонни, бу заминда яшаб ўтган алломаларни чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олишади, уларни устоз сифатида қадрлашади. Хусусан, айни кунларда Бошқирдистонда хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси аъзоларига мамлакат муфтияти томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор ва эҳтиром сўзимизнинг яққол тасдиғидир.
Куни кеча уламолар Калтасинский туманининг Кугарчин посёлкасида янги барпо этилган “Нурли” масжидининг тантанали очилиш маросимида иштирок этдилар.
Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов ҳамда ЎМИ Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Рауповлар йиғилганларни янги, кўркам масжид очилиши билан қутлаб, қардош ўзбек халқи номидан, хусусан, ЎМИ раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари номидан самимий табрикларни изҳор қилдилар.
Масжид қавмига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг махсус ҳадялари тақдим этилди. Шу ўринда ҳудуд аҳолисининг масжид қурилиши ва очилишига бўлган эътибори алоҳида таҳсинга сазовор эканини, ушбу маросимга узоқ ва қуёшли Ўзбекистондан меҳмонлар ташрифидан эса қувончлари чексиз бўлганини қайд этиш ўринлидир.


Маросимдан сўнг делегация аъзолари яна бир қанча масжидларга ташриф буюрди. Жумладан, Бораева туманидаг ёғочдан қурилган экомасжид зиёрати алоҳида эътиборга молик.
Шу куни аср намозидан сўнг Уфа шаҳридаги “Ризо” жоме масжидида юздан зиёд ватандошлар иштирокида учрашув ташкил этилди. Жуда қизиқарли ўтган давра суҳбатида иштирокчиларга диний-маърифий маълумотлар берилди, савол-жавоблар қилинди.
Шу ўринда қайд этиш лозим, барча йиғилиш ва суҳбатларда ватандошларимизнинг иштиёқ билан, эҳтиром ва самимият билан қатнашдилар. Буни маърузалардан сўнг устозлардан ажралгиси келмасдан, ҳар бир олимнинг атрофини ўраб олишганича ўзларини қизиқтирган саволларга кўмиб ташлашганидан ҳам яққол англаш мумкин.
Йиғилишларда Шайхул Ислом, Муфтий Талъат Тожуддин ҳазратлари ҳам иштирок этдилар. Ушбу делегациянинг ташрифидан ўзларининг мамнуниятларини алоҳида завқу шавқ билан таъкидладилар. Ўзбекистон ҳақида, ўзбек халқи ҳақида жуда илиқ фикрларини самимият билан баён қилдилар.


Йиғилиш сўнгида муфтий Талъат Тожуддин ҳазратларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларининг махсус ҳадяси тантанали равишда топширилди.
Ўз навбатида, бошқирд халқи диний раҳнамоси қардош ўзбек халқи муфтийси Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоевга икки қардош халқлар ўртасидаги азалий биродарлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, диний идоралар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги улкан хизматлари учун Ташаккурномаларни топширди.
Шунингдек, муфтий, Шайхул Ислом Талъат Тожуддин ҳазратлари делегация аъзоларининг, хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномовнинг икки халқ ўртасидаги диний алоқаларни мустаҳкамлашга қўшган кўп йиллик улкан хизматларини юксак баҳолаб, уларга Ташаккурнома ҳамда медаллар тақдим этди.

«Жамиятнинг маънавий-ахлоқий тикланишидаги улкан хизматлари ҳамда бой маънавий меросни асраб-авайлашга, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси халқлари ва икки мамлакат конфессиялари вакиллари ўртасида тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Россия Федерацияси мусулмонларининг марказий диний идорасининг 2022 йил 27 майдаги №16-22 сонли Фармонига биноан ЎМИ раиси ўринбосари Иномов Иброҳим Рахматжонович “АЛЬ-ИГТИСОМ” – “СПЛОЧЕННОСТЬ” (Уйғунлик) медали билан; Россия Федерацияси мусулмонларининг марказий диний бошқармасининг 2022 йил 27 майдаги 2022 йил 27 майдаги №18-22 сонли Фармонига асосан ЎМИнинг Тошкент вилоятидаги вакили Раупов Жасурбек Тураевич “ВЕРА И ЧЕСТЬ” (Ишонч ва ҳурмат) медали билан тақдирланади» – дейилади Россия Федерацияси мусулмонларининг марказий диний бошқармаси фармонида.
Дарҳақиқат, ихлос билан қилинган ҳар қандай эзгу иш, хайрли амал мукофотсиз қолмайди. Уламоларимизнинг Россия Федерациясига ташриф буюриб, аҳоли билан учрашувлари, у ерда меҳнат қилаётган, таълим олаётган ва бошқа ватандошларимиз билан дилдан суҳбатлашиш, уларга муқаддас динимизнинг соф таълимотини етказиш, турли ақидапараст оқимлар, диний мутаассиб ва радикал гуруҳлар кирдикорларидан огоҳлантиришнинг ажри улуғ, савоби бисёр.
Аллоҳ таоло уламоларимизнинг сафарларини бехатар ва манфаатли қилсин.
Уламоларимизнинг ташрифлари давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1000 марта ўқилди

Янгиликлар

Top