Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегацияси Татаристон муфтийси билан учрашди

30 май куни Россия Федерациясида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов бошчилигидаги делегация Татаристон муфтийси Комил Ҳазрат Самигуллин билан учрашди. Унда Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консули Фариддин Насриев, Бош консуллик биринчи котиби Aзизбек Разақов ҳам иштирок этди. Бу ҳақда Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси маълум қилган.

Учрашувда икки диний ташкилот ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов муфтий Комил ҳазрат Самигуллинга ўзбек диаспораси вакиллари билан олиб борилаётган маърифий ишларга алоҳида эътибор қаратишни сўраб мурожаат қилди. Муфтий ҳазратлари бу мурожаатни ижобий қабул қилиб, муҳожирлар билан иш олиб бораётганини таъкидлади. Бу йўналишда етакчилар ўзаро мулоқот қилиб, Татаристон масжидларида хорижий давлатлардан келган диний уламолар билан учрашувлар, дарслар, маъруза кечалари ташкил этиш бўйича келишиб олдилар.

Шунингдек, шу куни Иброҳим Иномов Қозон шаҳрида истиқомат қилувчи юртдошларимиз билан учрашув ўтказди. У ўз маърузасида турли бузғунчи, диний экстремистик ғояларга эргашмасликдан огоҳлантирди, Имом Бухорийнинг буюк маънавий меросини ёдга олди, диний кўрсатмалар берди. Учрашувда 80 дан ортиқ киши қатнашди. Бундай учрашув Челни шаҳридаги “Нур-Ихлас” масжидида ҳам бўлиши режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги консуллиги маълумотларига кўра, Татаристон Республикасида 16 мингдан ортиқ ўзбек миллати вакиллари истиқомат қилади.

Эътиборлиси, Татаристон муфтияти бир неча йилдан буён Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Масалан, 2019-йилда ана шу ўзаро алоқалар натижасида Ўзбекистон Татаристон муфтияти томонидан 10 000 нусхада Қуръони каримни чоп этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1018 марта ўқилди

Янгиликлар

Top