Ўзбекистон янгиликлари

Имом Абу Мансур Мотуридий таълимотини халқаро миқёсда тарғиб қилинган халқаро симпозиум

Сўнгги йилларда мамлакатимизда жаҳон илм-фани ва ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккир алломаларимизнинг ҳаёти ва илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ҳамда кенг жамоатчиликка тарғиб қилиш, уларнинг номларини халқ орасида оммалаштиришга катта эътибор қаратилмоқда.Юртимиздаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий ҳамда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ушбу вазифани амалга оширишда муҳим ўрин тутмоқда.

ЎзА хабарига кўра, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказида ўтказилган “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзуидаги II халқаро онлайн илмий-амалий симпозиум ҳам буюк мутафаккир аждодимиз, мутакаллим олим Имом Абу Мансур Мотуридий ҳамда у асос солган таълимотни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш мақсадига қаратилди.

Ўзбекистон қадимдан жаҳон илм-фани ва ислом цивилизацияси ривожига ўз асарлари, яратган умрбоқий таълимоти, инсоният тараққиёти учун хизмат қилувчи эзгу ғоялари ҳамда кашфиётлари билан бебаҳо ҳисса қўшган алломалар замини бўлиб келган. Жумладан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Маҳмуд Замахшарий, Абул Муин Насафий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Абул Баракот Насафий, Абу Ҳафс Насафий, Абу Мансур Мотуридий каби алломалар бугунги кунда жаҳон илмий жамоатчилигининг катта қизиқиши ва эътиборига сазовор бўлмоқда.

Ушбу алломалар қаторида калом ва ақида илмининг буюк намояндаси, ҳозирги вақтда дунё мусулмонларининг қарийб ярми эътиқод қиладиган мотуридийлик таълимоти асосчиси ҳисобланган мутакаллим олим Абу Мансур Мотуридийнинг номи алоҳида аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда алломанинг илмий меросини ўрганиш ҳамда кенг тарғиб қилиш долзарб вазифалардан бири саналади.

Халқаро онлайн илмий-амалий симпозиумда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Халқаро илмий ҳайъати аъзолари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий ҳамда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, маҳаллий ва хорижлик таниқли олимлар, жаҳоннинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари, соҳага оид илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар, мутахассислар иштирок этди.

Шунингдек, симпозиумда Миср Араб Республикаси, Иордания, Туркия, Германия, Россия, Малайзия, Қирғизистон, Қозоғистон каби давлатлардан мотуридийшунос ва исломшунос олимлар қатнашди.

Симпозиум давомида иштирокчилар томонидан Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти моҳияти: мотуридийлик намояндалари ва асарлари, мотуридийлик таълимотига оид замонавий тадқиқотлар, глобаллашув жараёнида мўътадил ислом таълимотининг аҳамияти, замонавий исломшунослик тадқиқотлари сингари муҳим илмий масалалар муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, симпозиумда олимлар мотуридийлик таълимотининг ўзига хос хусусиятлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди. Хусусан, бугунги кундаги долзарб ақидавий масалаларга ечим топишда мотуридийлик таълимотининг ўрни ва аҳамияти, ушбу таълимотнинг мўътадиллиги иштирокчилар томонидан алоҳида эътироф этилди. Мазкур симпозиум иши доирасида Имом Мотуридий ва мотуридий алломаларининг илмий меросини халқаро жамоатчиликка етказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Симпозиумда қатнашган халқаро экспертлар, мутахассис ва олимлар томонидан иштирокчиларнинг маърузалари ҳамда бошқа илмий натижалар алоҳида тўплам шаклида нашр этилиши маъқулланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1035 марта ўқилди

Янгиликлар

Top