Ўзбекистон янгиликлари

Ўмон Араб тажрибаси институти директори билан қўшма таълим дастурларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди

Мамлакатимиз элчихонаси ходимлари Ўмон Араб тажрибаси институти директори Носир ал-Жабрий ҳамда ушбу олий билим юртида таълим олаётган ватандош-талабалар билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.


Ўзбекистонлик талабалар ушбу мамлакатнинг Вақф ва дин ишлари вазирлиги томонидан ажратилган грант асосида таҳсил олмоқда.
Учрашувда Араб тажрибаси институти билан таълим соҳасидаги алоқаларни янада жадаллаштириш, қўшма дастурларни амалга ошириш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.


Ўзбекистонда таълим соҳасига қаратилаётган эътибор, мамлакатимизнинг туризм салоҳияти, бой маданияти, асрлар давомида шаклланиб келаётган анъаналари ва ҳунармандчилик тарихи ҳақида батафсил маълумот берилди.


Институт раҳбарининг таъкидлашича, ўзбекистонлик талабалар ўзларининг илмга чанқоқлиги, араб тили грамматикасини ўзлаштириш ва сўзларнинг тўғри талаффуз қилиши билан бошқа мамлакатлардан келган талабалардан ажралиб туради.


“Бу Ўзбекистонда таълим соҳасига, шу жумладан, хорижий тилларни ўргатишга катта эътибор қаратилаётганининг натижасидир, - деди Носир ал-Жабрий. – Таълим соҳасида Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан қўшма лойиҳаларни бажаришдан манфаатдормиз.
Бундан ташқари, мен ўзбек халқининг бой тарихи, маданияти ва урф-одатларини ўрганишга ҳам жуда қизиқаман. Хусусан Ислом цивилизацияси ривожига катта ҳисса қўшган буюк мутафаккир олимларни етиштириб берган юртингизга сафар қилиш режаларим бор”.
Маълумот учун, Ўмон Араб тажрибаси институти маҳаллий ва хорижий фуқаролар учун замонавий услубда араб тилини ўргатиш билан бир қаторда, араб мамлакатлари урф-одатлари, маданияти ва тарихи тўғрисида маълумотлар беришга ихтисослашган. Ҳозирги вақтда институтда Аргентина, Буюк Британия, Гремания, Нигерия, Таиланд ва Ўзбекистондан келган талабалар таҳсил олмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1053 марта ўқилди

Янгиликлар

Top