Ўзбекистон янгиликлари

Тошкент ислом институтида “Хатмона – 2022” битирув тадбири бўлиб ўтди

Бугун, 15 июнь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2018-2022 йиллар оралиғида таълим олган талабаларнинг “Хатмона – 2022” битирув тадбири бўлиб ўтди. Хатмонада Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари, бир қатор уламолару олимлар, диний соҳа ходимлари ҳамда таълим муассасасининг ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.

Битирувчиларни кузатишга бағишланган тантанали тадбир Қуръон тиловати билан бошланди. Сўнгра маросимни институт ректори Уйғун Ғафуров кириш сўзи билан очиб, ташриф буюрган меҳмонлар ва битирувчиларни тантана билан самимий муборакбод этди ва уларнинг келгуси фаолиятларига муваффақият тилади.

Тадбирда Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари битирувчиларни қутлар эканлар, келгусида динимиз ривожи ва халқимизнинг диний-маърифий камолоти йўлидаги хизматларига оқ йўл тилаб, хайрли дуолар қилдилар.

Шунингдек, хатмона тадбирида 2021-2022 ўқув йили якунлари бўйича юқори кўрсаткичларга эришган билим юрти талабаларига ташаккурнома ҳамда аъло ўқиши ва намунали хулқи, жамоат ишларида фаол иштирок этган талабаларга билим юртининг мақтов ёрлиғи ва эсдалик совғалари топширилди.

Маълумот учун қайд этиш жоизки, бу йил институтнинг кундузги таълим йўналиши бўйича жами 92 нафар талаба битирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1272 марта ўқилди

Янгиликлар

Top