Ўзбекистон янгиликлари

“ҲАЖ – 2022” ишчи гуруҳига катта масъулият юкланди

Бугун, 16 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Ҳаж – 2022”нинг ишчи гуруҳи, шифокорлар ва ошпазлар жамоалари иштирокида жорий мавсумни ҳар жиҳатдан намунали ўтказиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Аллоҳга шукрки, 2022 йил саодатли йил бўлиб, ҳаж зиёратига йўл очилди. Ҳатто, очилганда ҳам пандемиядан аввалгига қараганда қарийб 4 минг нафар, 52 фоизга кўпайди. Албатта, бунда давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон аҳолисига берилган имкониятларнинг самараси бўлди. Бу, шубҳасиз, миллионлаб инсонларнинг қалбига хурсандчилик олиб кирди.

Йиғилишда Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ҳаж қилувчи киши Аллоҳ таолонинг меҳмони экани, ҳаж амалини бажараётган кишига кўмак берган, унинг оғирини енгил қилган инсон улуғ савоб ва даражотларга ноил бўлишини сўзладилар. Ҳар бир ишчи гуруҳи аъзоси ана шундай улуғ даражаларни мақсад қилиб, Раҳмоннинг меҳмонларига Ўзи рози бўладиган даражада сидқидилдан хизмат қилишни алоҳида қайд этдилар. Шунингдек, ишчи гуруҳи жамоаларининг ҳар бир аъзоси мавсум давомида тартибли ва хушмуомалали бўлишини ҳам алоҳида таъкидладилар.

Сўзга чиққан нотиқлар зиёратчиларнинг ибодатлари мукаммал бўлиши учун уларга қулай шарт-шароитларни муҳайё қилиш борасида Макка ва Мадина шаҳарларидаги ҳаж ишчи гуруҳи аъзолари, гуруҳ раҳбарлари ва шифокорлар белгиланган вазифаларни тартибли ва мукаммал бажаришлари жуда ҳам зарур эканини таъкидладилар.

Аввало ҳаж сафарини адо этиш бахтига муяссар бўлган юртдошларимиз муборак заминдаги ҳар бир онларини мазмунли ўтказишлари, бу кунларнинг ҳар бир сониясини ғанимат билиб, ундан фойда олиб қолишлари йўлида бор куч-ғайратни сарфлашлари даркорлиги сўзланди.

Ҳақиқатан, юртимиз ҳожилари Исломнинг бешинчи фарзини бажариш чоғида ҳукуматимизнинг кўмагини, беқиёс ғамхўрлигини ҳис қилиб турадилар. Зотан, тараққиётимизнинг янги даврида Ислом дини арконларини адо этиш учун зарур барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.

Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан одамларни рози қилиш йўлида олиб борилаётган хайрли ишлар мевасидир. Аҳолиси рози юртга Яратган ҳам неъматларини ёғдиради иншаа Аллоҳ.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1494 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top