Ўзбекистон янгиликлари

“Ҳаж – 2022” мавсумига 70 нафар учувчи ва 260 нафар борткузатувчиси жалб этилган

АОКАда ўтказилган брифингда “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Камола Икромова “Ҳаж – 2022” дастури доирасида акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилаётган тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Таъкидланишича, зиёратчиларимиз шу йил 18-30 июнь кунлари Ўзбекистондан Саудия Арабистонига ҳаж сафарига кузатилади ва 14-31 июль кунлари юртимизга қайтиб келади. Жорий йилги илк парвоз 18 июнь куни Тошкент – Мадина йўналиши бўйича амалга оширилди.

Пандемия сабаб икки йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон республикасининг 7 та шаҳридан – Мадина шаҳри йўналиши бўйича “Ҳаж – 2022” тадбири ўтказилиши режа қилинган. Хусусан, ушбу мавсумда жами 10 900 нафар йўловчи Тошкент, Наманган, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Урганч ва Нукус вилоятларида жойлашган маҳаллий аэропортлардан Мадина шаҳрига етказилади. Ўзбекистонга қайтувчи йўловчилар эса ўз парвозларини Жидда шаҳридан амалга оширади.

“Ҳаж – 2022” тадбирининг узлуксиз ва тартибли ўтказилишида “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамиятидан жами 70 га яқин малакали учувчи ва 260 га яқин борткузатувчиси жалб этилмоқда. Ушбу йўналишдаги авиақатновлар Boeing 767 ҳаво кемаларида амалга оширилади.

Ўзбекистондан Мадина шаҳрига йўл олган юртдошларимизга ғамхўрлик қилиш мақсадида аэропортларда махсус тонгги нонушта ва ҳаво саҳнида палов, мол ва товуқ гўштидан тайёрланган турли таомлар таклиф этилаётир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1127 марта ўқилди

Янгиликлар

Top