Ўзбекистон янгиликлари

Диний таълим муассасаларидаги қабул жараёни билан танишилди

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин домла Шерхонов 2022-2023 ўқув йили учун қабул жараёнларини ташкил этилиши ҳамда унинг фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида Ҳадис илми мактаби ва “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюрди.

Ташриф давомида Салоҳиддин домла Шерхонов қабул жараёни билан боғлиқ ташкилий ишлар билан танишди, абитурентлар билан суҳбатлашди. Якунда қабул ҳайъати аъзолари билан учрашиб, ўз таклиф ва тавсияларини берди.
Маълумки, жорий йилдан олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари қабул жараёнида абитуриентлар бевосита таълим муассасасига келган ҳолда ҳужжатларининг офлайн шаклда топшириши жорий этилди.

Бу йилги қабул жараёнлари ҳар йилгидан кўра юқори савияда ташкил этилмоқда. Жумладан, қабул жараёнларини намунали ташкил этиш ва қабул имтиҳонларини шаффоф, очиқ ва ошкора ўтказиш мақсадида қабул ҳайъати ва ёрдамчи ишчи гуруҳ тузилган, зарур техник воситалар билан жиҳозланган махсус жой ажратилди.

Диний таълим муассасалари биносида абитуриентлар учун қабул жараёнлари бўйича стендлар ташкил этилди. Уларда абитуриентларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом, таълим муассасаси тўғрисидаги маълумот, абитуриентлар томонидан топширадиган ҳужжатлар рўйхати, кириш имтиҳони фанлари ва қабул жараёнларига оид бошқа маълумотлар инфографика шаклида жойлаштирилган.

Шунингдек, 2022-2023 ўқув йили учун қабул жараёнлари бўйича абитуриентлар ва уларнинг яқинларининг қизиқтирган саволларга тезкор жавоб берилишини таъминлаш мақсадида «Колл марказ» ташкил этилган.

Бундан ташқари, бинолар кириш қисмида ўрнатилган инфокиосклар орқали абитуриентлар учун Қабул жараёнларига оид янгиликлар, таълим муассасаси ва ундаги ўқув жараёнлари тўғрисидаги тўлиқ маълумотлар ўзида қамаб олган видеоролик ҳамда тақдимот слайдлари намойиши ташкил этилган.

Узоқ ҳудудлардан абитуриентларга ҳамроҳ бўлиб келган ота-оналар ва уларнинг яқинлари учун абитуриент ҳужжатларини топширгунга қадар кутиб туришлари учун ҳаво совутгич, телевизор ўрнатилган ҳамда салқин ичимлик билан таъминланган эркак ва аёлларга алоҳида кутиш хоналари тайёрланган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

407 марта ўқилди

Янгиликлар

Top