Ўзбекистон янгиликлари

Дуолар шаксиз қабул бўладиган паллалар бошланди инша Аллоҳ

Юртимиз зиёратчилари арафа куни эрта тонгдан ҳажнинг яна бир фарзини бажариш мақсадида Арофат томон йўл олдилар. Ҳадисларда келтирилишича, Арофат энг улуғ манзиллардан бири бўлиб, бу ерда қилинган дуолар шак-шубҳасиз қабул бўларкан. Буни яхши англаган ҳожилар ҳар дамни ғанимат билиб, ундан оқилона фойдаланиш пайидан бўладилар.
Ҳожиларимиз Арофотда дуои хайрлар, ибодатлар ила туришиб, Арафа кунининг пешин ва аср намозларини жам қилиб ўқидилар. Дуо ва тавбаларда бардавом бўлдилар. Аллоҳ-таолодан юртимиз тинч, халқимиз турмуши янада фаровон бўлишини, азиз диёримизни ҳамиша Ўз паноҳида асрашини сўраб дуолар қиладилар.
Арафотдаги вуқуфдан сўнг қуёш ботганидан кейин эса Муздалифага бордилар. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида: “Арафотдан тушганингизда, Машъари Ҳаромда (Муздалифада) Аллоҳни (талбия, таҳлил, такбир, сано билан) зикр этинг” деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 198-оят).

Маълумот учун: Арофатга чиқишдан олдин ғусл қилиш суннатдир. Арофатда туриш ҳажнинг асосий рукни бўлиб, бу рукнсиз ҳаж бўлмайди. Ибн Аббос розияллоҳу аҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаж – арафадир” деганлар.
Арафа куни заволдан бошлаб, Арофатда туриш вақти киради. Арофат чегарасидан бошқа жойда турса, ҳажи ҳаж бўлмайди. Арофатда Арафа куни заволдан ҳайит куни тонгигача қай ҳолда турса ҳам, бир соат турса соқит бўлади. Бу ерда ҳам талбия айтиб туради. Арофатда ҳам дуога зўр бериш керак, айниқса Жабали раҳмат устиларига чиқиб дуо қилиш тавсия қилинган. Арофатда пешин ва аср намозлари бир азон ва икки иқомат билан қўшиб, қаср қилиб ўқилади, пешин вақтида. Арофатда қуёш ботгунча туриш вожиб ҳисобланади.

 

 

1430 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top