Ўзбекистон янгиликлари

Малайзиядан Тошкентга илк чартер рейс парвоз қилди

Шу йил 9 июль куни Тошкент ва Куала-Лумпур ўртасида илк тўғридан-тўғри чартер рейси йўлга қўйилди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Мазкур парвоз Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонасида «Malaysia Airlines» авиакомпанияси ва Ўзбекистоннинг «Osmon Aero» сайёҳлик оператори ўртасида имзоланган келишув доирасида ташкил этилди. Ушбу ҳужжатга 26 май куни «Malaysia Airlines» авиакомпаниясининг глобал сотувлар бўйича директори Рослан Исмоил ва «Osmon Aero» компанияси бош директори Анастасия Арушанова томонидан имзо қўйилган эди.

Элчихона маълумотига кўра, рейслар 287 ўринга мўлжалланган А330-200 самолётларида амалга оширилади. Жадвалга кўра, чартер рейси ҳар 10 кунда бир марта режалаштирилган.

Биринчи чартер рейсда Малайзиянинг 10 та сайёҳлик компанияси вакиллари ва саёҳат блогерлари учун Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент ва Наманган шаҳарларининг тарихий ва замонавий диққатга сазовор жойлари билан танишишга йўналтирилган ўн кунлик инфотур ҳам уюштирилган. Саёҳат давомида Ўзбекистондаги етакчи туроператорлар билан янги турпакетларни ишлаб чиқиш учун B2B-учрашувлари ташкил этилади.

Терри Вонг,
«AITravel Sdn. Bhd.» сайёҳлик компанияси директори:

– Ушбу чартер рейси орқали Ўзбекистонга илк бор саёҳат қилиш, унинг бой тарихий-маданий мероси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлганимиздан хурсандмиз. Биз турпакетларни диверсификация қилиш, Ўзбекистон ва Марказий Осиёга кириш ва чиқиш туризми бўйича янги қўшма турпакетларни ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистондаги ҳамкорларимиз билан учрашувлар ўтказишни режалаштирганмиз. Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган, ўзининг бетакрор маданияти, ранг-баранг бой қадриятлари ва ажойиб табиатига эга Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини малайзияликлар орасида янги саёҳат йўналиши сифатида тарғиб этишга аҳд қилганмиз.

Аҳмад Камол, сайёҳ:

– Куала-Лумпур ва Тошкент узоқ давом этган локдаун ва карантин чекловларидан сўнг ниҳоят тўғридан-тўғри ҳаво қатнови орқали боғланганидан хурсандмиз.
20 йил олдинги саёҳатимдан кейин юртингизга яна бир бор йўл олаётганим мени илҳомлантирмоқда. Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган барча ижобий ўзгаришлар, жумладан, туризм инфратузилмаси, аэропортлар ва меҳмондўстлик индустриясини ривожлантириш бўйича кўрилаётган амалий чора-тадбирлардан яхши хабаримиз бор. Янги Ўзбекистонни, мамлакатда хорижлик сайёҳлар учун яратилган янги имкониятлар ва қулайликларни кўриш ниятидамиз.

Мамлакатларимизни тарихий ришталар, маданий ва диний муштараклик, анъаналар ва маънавий қадриятларнинг яқинлиги боғлаб туради. Малайзияликлар Имом Бухорий Ватанининг бой маънавий ва маданий меросига алоҳида ҳурмат билан муносабат билдиришади, сизнинг бетакрор меъморчилигингиз, ўзбек таомлари, меҳмондўстлигингиз ва бағрикенглигингиз бизни ўзига жалб қилади. Фурсатдан фойдаланиб, барча малайзияликларни Ўзбекистонга саёҳат қилишга чақираман!

Равиндаран Кунжу Раман, тадбиркор:

– Ўзбекистонда кўп маротаба бўлганман ва мамлакатингизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида турли соҳаларда амалга оширилаётган улкан ўзгаришларни катта қизиқиш билан кузатаман. Хусусан, туризм ва меҳмондўстлик саноатидаги кенг кўламли ўзгаришлар, яхшиланган сармоявий муҳит алоҳида эътиборга лойиқдир. Бу, албатта, республиканинг улкан сайёҳлик салоҳиятини очиб беришга, ишбилармон доиралар вакиллари учун янги имкониятлар ва марраларни яратишга хизмат қилмоқда. Мен барча дўстларимга Ўзбекистонга саёҳат қилиш, мамлакатнинг бой маданий мероси билан танишиш, республиканинг гастрономик ва рекреацион туризмидан баҳраманд бўлишни тавсия қиламан.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1132 марта ўқилди

Янгиликлар

Top