Ўзбекистон янгиликлари

“Имом Мотуридий” романининг тақдимоти ўтказилди

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида таниқли ёзувчи Луқмон Бўрихон қаламига мансуб “Имом Мотуридий” романининг тақдимоти ўтказилди. Тадбирни Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид олиб борди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмити раисининг биринчи ўринбосари Даврон Мақсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков, ёзувчилар, шоирлар, таржимонлар, китоб мутолааси муҳиблари ва табиийки, ОАВ вакиллари иштирок этди.

– Аслида, қўлга қалам олиб, бирор нарса қоралаш – осон иш эмас. Айниқса, буюк мутафаккирлар, алломалар ҳаётини бадиий йўсинда қаламга олиш кишидан узоқ вақт тайёргарликни талаб этади, – дейди “Имом Мотуридий” халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Жамолиддин Каримов. – Имом Мотуридий ҳазратларининг ҳаётини, у киши ҳақда муаррихларнинг ёзганларини, олимнинг ўзбек тилидаги асарларини ўқиб, ўрганиб, халқимиз учун оммабоп роман ёзиш фикри анча олдин туғилган эди. Шу фикрларимизни тадбирларда, анжуманларда ёзувчиларимизга кўп марта айтдик. Бу масъулиятли ишни Луқмон Бўрихон ўз зиммасига олди. Унинг қаламига мансуб янги роман ўқирманларнинг китоб жавонлари билан бирга, эътиқодларини, маънавиятларини янада безашига ишонамиз.

Тақдимотда сўзга чиққанлар асар ҳақида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини баён этишди. Хусусан, асар зўр маҳорат билан ёзилгани, улуғ аллома ҳаёти, ақида илмига оид фаолияти оддий ўқувчига тушунарли тилда бадиий тарзда акс эттирилганини эътироф этишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1017 марта ўқилди

Янгиликлар

Top