Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар: Муфтий ҳазратлари "Усмон ота" масжидининг янги биносини очиб бердилар

Олдинлари республикамиз бўйлаб сайру саёҳатга ёки сафарга чиқилса, мўмин-мусулмонларни бир масала – намозни қазо қилиб қўймаслик муаммоси ўйлантирар эди. Чунки масжидларнинг ораси узоқ, борлари ҳам катта йўл бўйидан олисда, таҳоратхоналар талабга жавоб бермас эди.

Бугун, алҳамдулиллаҳ, қай томонга юрсангиз, олисдан чиройли гумбазли ёки минорали масжидларга кўзингиз тушади. Намоз вақти кириши билан бемалол жомеларда ибодатларни адо этишингиз мумкин.

Бугун, 2022 йил 2 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ҳамда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги “Усмон ота” жоме масжидининг янги биноси очилиш маросимида иштирок этди.

Маҳалла фаоллари, имом-хатиблар, нуронийлар, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган тадбирда муфтий ҳазратлари пешин намозидан сўнг жамоатга гўзал мавъиза қилиб бердилар.

– Туманимизда масжидлар кўп. Шулардан “Усмон ота” жомеси қадимийларидан, – дейди Ўрта Чирчиқ тумани бош имом-хатиби Жамолиддин домла Туронов. – Бу маърифат маскани ўз тарихи давомида тўрт марта қайта қурилган. Маҳаллий аҳолининг маълумотларига кўра, 1930 йилларга қадар ҳозирги ҳудуд атрофида карвон йўли бўлиб, кўплаб йўловчилар шу масжидда ибодат қилишган.

Масжиднинг “Усмон ота” деб аталишига сабаб шуки, қадимда ушбу масканда Усмон ота деган авлиё киши яшаб, ҳудуднинг обод бўлишига жуда катта ҳисса қўшган.

Масжид “Аранчи”, “Ёмғирчи”, “Оққутай”, “Кучлик” ва Усмон ота номидаги маҳалларнинг 12 мингдан зиёд аҳолисига хизмат қилади.

Уч юз кишилик эски масжид биноси намозхонларга торлик қилиб қолган эди. Шуни инобатга олиб, раҳбарият розилиги билан масжиднинг янги биносини қуришга 2020 йил март ойида киришилган эди. Икки йилда ҳудудда гўзал жоме барпо этилди.

Янги масжид ертўласи билан қўшиб ҳисоблаганда икки қават бўлиб, бу ерда бир вақтнинг ўзида 2 минг киши намоз ўқиши мумкин. Жоменинг 50 метрлик минораси йўловчилар учун маёқ вазифасини ўтайди. Кутубхона, маъмурият хоналари эса намозхонлар ва меҳмонларнинг маънавиятини ва маърифатини юксалтиришга хизмат қилади.

Янги масжидга мос тарзда 30 кишига мўлжалланган замонавий таҳоратхона ҳам фойдаланишга топширилди.

Аллоҳ таоло янги масжиднинг ҳар жиҳатдан обод бўлишини насиб этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент вилояти вакиллиги матбуот хизмати

1370 марта ўқилди

Янгиликлар

Top