Ўзбекистон янгиликлари

Тошкент вилояти масжидларида долзарб мавзуларда суҳбатлар ташкил этилди

 

Кейинги 5-6 йилда масжидларимиз чин маънода маърифат масканига айланди. Олдинлари имом-хатибларга ҳафтада бир марта жума куни маълум мавзу асосида мавъиза қилишга рухсат берилар эди. Ҳозирда ҳар куни 5 маҳал намознинг исталган вақтида ваъз-насиҳат қилиш имкони бор. Бундан унумли фойдаланган имом-хатибларимиз вақтли намозларда жамоатга илмий суҳбатлар қилиб, аҳолининг диний-маърифий билимларини мустаҳкамлашга ва уларнинг барча саволларига жавоб беришга ҳаракат қилмоқда. Бу жараёнда юртимиз бўйлаб таниқли уламо ва воиз имом-хатиблар иштирокида кечаётган маърифий суҳбатлар ниҳоятда самарали кечаётир.  

Бугун, 6 сентябрь куни юртимизнинг бир гуруҳ таниқли уламолари Тошкент вилоятидаги масжидларга ташриф буюриб пешин ва хуфтон намозларини жамоат билан бирга адо этиб, мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбатлар қилиб бердилар. Ана шундай манфаатли мавъиза пешин намозидан сўнг "Фатҳ” масжидида бўлиб ўтди. Унда фазилатли устоз Иброҳимжон домла Иномов йиғилганларга долзарб мавзуда маъруза қилиб, йиғилганларга кейинги йилларда диний соҳада бўлаётган улкан ўзгаришлар ҳақида ҳам сўзлаб берди. 

Бундай илмий суҳбат “Зангиота” масжидида ҳам ташкил этилди. Унда Абдуқаххор домла Юнусов жамоатга Аллоҳнинг берган ҳар бир неъматига шукр қилиш ҳақида маъруза қилди. Абдуқаххор домла  

шукрнинг фазилатлари хусусида сўзлар экан инсон шукр қилса, ризқи яна зиёдалашишини таъкидлаб, бу ҳақда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу қуйидаги сўзларини ўқиб бердилар: “Неъмат шукрга, шукр эса зиёдаликка боғлангандир. Модомики, банда шукр қилишда давом этар экан, Аллоҳ таоло ҳам зиёда қилишда бардавом бўлади” (Имом Байҳақий ривояти).  

Шукр қилувчи кишида меҳр-мурувват, инсоф-диёнат, қаноат, сабр каби ахлоқлар мавжуд бўлади. Бу ахлоқлар эса инсонни дунё ва охират саодатига бошлайди, дея таъкидлади домла ўз маърузасида.  

“Абдуллоҳ ибн Равоха” масжидига ташриф буюрган намозхонлар ҳам ана шундай манфаатли илмий суҳбатдан баҳраманд бўлдилар. Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасур домла Раупов йиғилганларга кибр, манманлик иллати ва камтарлик ҳислатлари ҳақида мавъиза қилиб бундай дедилар: 

– Мусулмон киши учун одамларни камситиш, уларни паст санаш жуда ёмон иллат. Ҳатто юриш-туришда ҳам кибру ҳаводан, такаббурликдан сақланиш керак. Бу бошқаларга кибр оғир ботади. Энг муҳими: «Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас». Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан нақл қилинган ривоятда: «Кимнинг қалбида заррача мутакаббирлик бўлса, Аллоҳ уни дўзахга юзтубан ташлайди» дейилган. Кибр қалбдаги хасталик бўлиб, унга мубтало бўлган инсон Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амрлари ва наҳийларини эътиборсиз қолдириб, ҳақни зое қилишдан, одамларни паст санашдан, уларни назар-писанд қилмасликдан иборатдир. Кибрланиш Аллоҳ таолога хос хислат бўлиб, банда зинҳор кибру ҳаво қилишга муносиб эмас, – дея таъкидлади домла ўз сўзида.  

Бундай жонли ва таъсирли маърузалар бошқа таниқли ва воиз имом-хатиблар Исоқжон домла Бегматов, Ҳасан домла Қодиров, Закариё домла Ҳафизуллаев, Нурали домла Мавлонов иштирокида ҳам бўлиб ўтди. 

Эътиборлиси, бундай илмий суҳбатларда жамоатга йиғилганлар ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олиш имкониятига эга бўлиб, маърифий билимларини янада мустаҳкамладилар.  

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1008 марта ўқилди

Янгиликлар

Top