Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ва Малайзия олимлари "Ислом ва санъат" номли китобни тайёрламоқда

Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов Малайзия архитекторлар уюшмаси (Pertubuhan Akitek Malaysia – PAM) вице – президенти Адриант Азиз ва Ислом илмий университети (USIM) профессори Элина Моҳд Ҳусини билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё"ахборот агентлиги.


Профессор Элина Моҳд Ҳусинининг айтишича, Малайзия Ислом илмий университети ва Тошкент архитектура-қурилиш институти ўртасида ҳамкорликнинг муваффақиятли тажрибаси бор. Хусусан, 2018 йил декабрь ойида ректор бошчилигидаги ТАҚИ делегацияси Малайзияга ташриф буюрди ва 2019 йил январь ойида малайзиялик бир гуруҳ талабалар ушбу университетда амалиёт ўташди. Бундан ташқари, у 2018 ва 2019 йилларда икки марта Ўзбекистонга ташриф буюрди, шундан сўнг Самарқанд Давлат архитектура ва қурилиш институти (СамДАҚИ) профессори Ахтам Уралов билан биргаликда "Архитектура шакллари ва нурларни уйғунлаштириш ва безаш" (Harmonization, Decoration of Architectural Forms and Light) китоби нашр этилди. Ушбу китобнинг тақдимоти июль ойида Куала-Лумпурда бўлиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда "Ислом ва санъат" (Islam and Art) номли иккинчи китобни нашр этиш бўйича қўшма ишлар олиб борилмоқда. Профессор, шунингдек, USIM биноларни ахборот моделлаштириши технологияси (BIM) асосида «Autoсad» ва «Revit», сунъий интеллект ёрдамида эски биноларни моделлаштириш бўйича Малайзия дастурлари доирасида қўшма таълим лойиҳаларини амалга оширишда ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини таъкидлади.


USIM 1998 йилда ташкил этилган ва Малайзияда давлат олий ўқув юрти ҳисобланади. Университетда таълим ислом илоҳиёти ва ҳуқуқ, аниқ, ижтимоий ва гуманитар фанларни ўз ичига олган 32 йўналишда олиб борилади. Университет архитектурани ўрганишга ҳам катта эътибор беради. Бугунги кунга келиб USIMда 13 мингдан ортиқ талаба, шу жумладан 750 дан ортиқ хорижлик талаба таҳсил олмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

988 марта ўқилди

Янгиликлар

Top