Ўзбекистон янгиликлари

Тошмасжид меъморий мажмуаси (XVI аср)

Навоий вилояти Қизилтепа туманининг Ванғози қишлоғидаги ушбу меъморий мажмуа таркибидаги масжид тадқиқотларга кўра, XVI асрда қурилган. Тошмасжид асрлар мобайнида бузилиб кетган масжид, мадраса ва ҳаммомдан иборат меъморий мажмуанинг марказий биноларидан бири ҳисобланган. Мажмуа текис жойда жойлашган, унинг шарқ томонидан ариқ оқиб ўтган, шимол томонида йўл бор, мажмуанинг жануб томонида эса қабристон жойлашган.

Тошмасжиднинг Ўрта Осиё меъморчилигидаги аҳамияти. Масжид биносини қурилиш конструкциялари ва тарихий ечими ўзига хос, шунингдек, Ўрта Осиёда пишиқ ғиштдан ишланган устун-гумбазли маҳобатли иншоотлар ривожининг чўққиси дейиш мумкин. Бу XVI аср масжидлари учун ноёб кўриниш эди. Негаки, бу давр ва бу ҳудудда асосан кенг ички ҳовлили анъанавий меъморчилик тарзидаги масжидлар қурилган.

Ванғозидаги Тошмасжид ва миноранинг қурилиши тарихига оид қимматли маълумотлар Бадриддин Кашмирийнинг “Равзат ар-Ризвон ва ҳадиқат ал-ғилмон” тарихий асарида келтирилган. Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланаётган бу асарда шундай жумлалар келтирилади: “Ванғози қишлоғида синчли масжид бўлган ва у вақт ўтиши билан нураб тушган. Хожа Саъд Жўйборий эса ушбу масжидни буздириб, унинг ўрнига пишиқ ғиштдан янги масжид ва унинг ёнида баланд минора қурдирган”.

Бадриддин Кашмирий асарида биринчи масжиднинг меъморий тузилиши қандай бўлганлиги ҳақида аниқ маълумот берилмаган. Аммо изоҳланишига кўра, уни XVI асрга келиб эскириб қолган қўшсинчли йирик иншоот бўлган эканлигини тасаввур қилиш мумкин. Тахминан 1580 йили Хожаи Калонхожа масжидни қайта қуриш ҳақида кўрсатма берган. Эски синчлар олиб ташланиб, унинг ўрнига янги кўп устунли зал қурилган. Ушбу бинонинг конструкцияи тўлалигича пишиқ ғиштдан кўп устун ва кўп гумбазли шаклда барпо этилган эди. Масжид қурилишига “олти йил вақт кетди ва у ҳижрий 993 йили (1585-1586 й.) тугатилган”.

Масжиднинг меъморий қурилмаси. Ванғозидаги Тошмасжид баланд (тахминан 70 см) супага қурилган ва олд томони бўйлаб чўзилиб кетган маҳобатли бинодир. Унинг кўркам ҳажмий-маконий композициясининг марказий қисмида баланд пештоқ ва йирик мовий гумбаз ажралиб туради. Масжиднинг 24х40 м. катталикдаги умумий биносида 2 та йирик ва 16 та бир хилдаги майда гумбазлар билан ёпилган ягона хона бор. Бинонинг ички қисмида марказий (ўрта) ва унга икки томонидан туташган ён бўлмалари ажралиб туради. Бинонинг ўрта бўлмасида, маҳобатли пештоқ ва асос айланаси 3,8 м. бўлган гумбаз билан ёпилган даҳлиз; асос айланаси 5 м. бўлган йирик мовий гумбаз билан ёпилган масжиднинг марказий қисми жойлашган. Пештоқ қаршисидаги орқа-ғарбий деворда равоқли меҳроб бўлиб, у Маккага томон йўналган. Икки ён томондаги бўлмалар бир-бирига ўхшаш бўлиб, учта мустаҳкам устунга ўрнатилган саккиз гумбазли бир хил қисмлардан иборат. Асос айланаси 3,2 м. бўлган 16 та бир хил шаклдаги кичик гумбазлар бурчаклари қалқонсимон бағалли равоқларга таянган. Масжиднинг барча деворларига (марказий пештоқдан ташқари) яна 4 тадан қўшимча эшик ўрнатилган, фақатгина, анъанага кўра ёпиқ саҳнли меҳроб девори бундан мустаснодир.

Масжиднинг бош қисми шарққа қаратилган бўлиб, кириш жойи баланд пештоқлидир. Ушбу пештоқнинг икки томонини унча чуқур бўлмаган равоқсимон тоқчалар, пештоқ тепа сатҳини эса эпиграфик нақшли горизонтал панно-китоба безаб туради. Бинонинг тўрттала тарз (фасад) деворлари ғиштин сатҳга эга. Ғарбий орқа тарз девори бурчакларида гулдаста шаклидаги минорачалар ўрнатилган. Ушбу тарзнинг марказида меҳроб чуқурлиги даражасида бўртма ҳажм, унинг икки томонида эса, чўққили равоқсимон туйнуклар жойлашган.

1970 йилларда ҳам бино деворидаги мозаик паннолар, ички қисмида эса, хусусан, “меҳробнинг муқарнасли безаклари, шунингдек, ганч ўймакорлиги ва қирма усулидаги безаклар” мавжуд бўлган.

Мустаҳкам устунлар билан бўлинган бинонинг ички қисм деворлари ва тоқлари ганч билан сувалган. Масжид зали катта гумбазнинг баланд пойигумбазидаги туйнуклар орқали яхши ёритилган. Бу эса хонанинг ички қисмида ёруғлик ва соя ўйинини ҳосил қилади. Туйнукларга ганч панжаралар ўрнатилган. Эшиклар ўйма безаклар билан, меҳроб токчаси эса нақшлар билан безатилган. Бино 29х29х5 см. ўлчовли тўртбурчак пишиқ ғиштдан қурилган. Полларига ғишт ётқизиб териб чиқилган.

Ванғози минораси.

Ванғозида 1585-1586 йилларда Тошмасжид ёнида қурилган минора, XVI асрда бунёд этилган шу типдаги иншоотлар орасида энг баландидир. Унинг баландлиги – 24 м. пастки қисми асос айланаси – 3,8 м. пойдевори тошдан терилган. Бино ўзаги олти қаторли бўртма ғиштин белбоғ билан, унинг тепасидаги саккиз равоқли қафасаси эса, пастки ва якунловчи қисмида муқарнасли шарафалар билан безатилган. Шуниси қизиқарлики, Бухоро шаҳридаги Гавкушон минораси Арслонхон минорасининг кичик нусхаси, Вобкент шаҳри яқинидаги Ванғози қишлоғи минораси эса Вобкент минорасининг кичрайтирилган нусхасидир.

Истиқлол туфайли Тошмасжид ҳам қайта барпо этилди. 2002 йилда Хукумат бошчилигида олиб бориилган беш ойлик жиддий сай-ҳаракатлар мажмуани гўзал қиёфага келишига асос бўлди. Хуллас, ноёб меъморий ёдгорликларга эга бўлган Ўзбекистоннинг XVI асрга тегишли яна бир қадимий зиёратгоҳи қайта тикланди.

 

ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими

1134 марта ўқилди

Янгиликлар

Top