Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ва Таиланд ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Бангкок шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонасида Бангкок Ислом қўмитаси идораси вице-президенти Прасоб Пусамлее, Араб университетлари битирувчилари уюшмаси (Arab Universities Alumni Association) президенти Ғази Шамсуддин билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, Бангкок Ислом қўмитаси идораси 1945 йилда ташкил этилган бўлиб, мазкур шаҳардаги 180 дан зиёд масжидлар фаолиятини тартибга солади. Ташкилотнинг фаолият йўналишларига ёшлар масалаларини мувофиқлаштириш, жамиятдаги бирдамлик ва конфессиялараро мулоқотни такомиллаштиришга хизмат қилиш каби вазифалар ҳам киради.
Учрашувда Бош консулхона томонидан Ўзбекистоннинг зиёрат туризм, сайёҳлик, гастрономик ва қишки туризм бўйича салоҳияти ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотларига бағишланган тақдимот намойиш этилди. Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Самарқандда бунёд этилган “Боқий шаҳар” мажмуаси ва республикада хорижий сайёҳларга яратилган қулайликлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тай томони, ўз навбатида, Қиролликнинг мусулмон аҳолиси орасида Ўзбекистоннинг ислом қадамжоларини зиёрат қилиш, ислом муҳаддислари Имом Бухорий, Имом Термизий ва бошқа буюк алломаларнинг илмий меросини яқиндан ўрганишга катта қизиқиш мавжудлиги таъкидланди. Икки мамлакат ўртасида ноябрь ойида авиақатновларнинг тикланиши мазкур йўналишда сайёҳлар оқимини янада оширишга хизмат қилиши алоҳида урғуланди.
Музокаралар якунида зиёрат туризм йўналишида таиландлик сайёҳларни республикамизга кенг жалб қилиш мақсадида Ўзбекистоннинг ислом тамаддуни ривожига қўшган ҳиссасини Таиланд мусулмон аҳолиси орасида фаол тарғиб этиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Таиланд илмий доира вакилларини Ўзбекистонга ташрифларини ташкиллаштиришга келишиб олинди.
Учрашувда Бангкок Ислом қўмитаси идораси томонидан Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” тўпламининг тай тилида нашр этилган нусхасини Ўзбекистонда тақдим этилиши маълум қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

810 марта ўқилди

Янгиликлар

Top