Ўзбекистон янгиликлари

«Ал-Азҳар» вакили билан ҳамкорликни ривожлантириш муҳокама қилинди

Шу кунларда Қоҳира шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Мисрнинг “Ал-Азҳар” мажмуаси ҳузуридаги Ислом тадқиқотлари академияси Бош котиби Назир Муҳаммад Айёд жаноблари билан учрашдилар. Мулоқотда Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Мансурбек Қиличев ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Ўзбекистон ва Миср халқларининг муштарак урф-одатларини Ислом дини қадриятлари бир-бирига боғлаб туради. Минг йиллар давомида Самарқанд, Бухоро ва Хивадаги мадрасалар каби Мисрнинг қадимий “Ал-Азҳар” диний таълим даргоҳи ҳам Шарқ ва Ғарб халқлари учун етакчи зиё маскани ҳисобланади.

“Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад ат-Тоййиб ҳазратларининг 2018 йил октябрь ва 2020 йил март ойларида Ўзбекистонга ташрифи доирасида эришилган келишувлар диний-маърифий муассасалар ўртасида илм-фан, таълим ва дин соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Мулоқотда Назир Муҳаммад Айёд жаноблари икки мамлакат халқларини имоний биродарлик, бир дин, бир мазҳаб ва гўзал муомала каби ришталар чамбарчас боғлаб туришини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, бош котиб Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси билан ҳамкорликда маърифий табирлар ўтказилаётгани, хусусан, Имом Мотуридий мероси бўйича мусобақа ташкил этилгани, қўлёзмаларни ўрганиш ишлари олиб борилаётгани, ўзбекистонлик тадқиқотчилар мақолаларини Миср нашрларида чоп этиш, Азҳари шариф нашрларини Ўзбекистонга жўнатиш каби йўналишларга алоҳида урғу қаратди.

“Ал-Азҳар”нинг Ислом тадқиқотлари академияси бош котиби Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида қатор жабҳаларда, хусусан диний ва дунёвий таълим ҳамда илм-фан ривожига йўналтирилган ислоҳотларни юқори баҳолади. Ўтган қисқа вақт ичида ушбу йўналишларда эришилган муҳим натижалар ва кўзланган истиқболли режалар барчада катта кизиқиш уйғотаётганини маълум қилди.

Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари «Ал-Азҳар» мажмуаси вакиллари билан диний-маърифий, илмий тадқиқот ва диний соҳа вакиллари малакасини ошириш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Учрашувда Назир Муҳаммад Айёд жаноблари томонидан ушбу мажмуа кутубхоналарида сақланаётган жами 49 минг 361 қўлёзма адабиёт рўйхати келтирилган 28 китобдан иборат янгиланган жамланма ҳамда айнан шу ноёб нашрлар бўйича тафсилотларни ўз ичида олган 50 GB ҳажмидаги электрон файллар 8 та CD-дискда тегишли дастурий таъминот иловаси билан бирга Ўзбекистон элчихонасига тақдим этилгани билдирилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

825 марта ўқилди

Янгиликлар

Top