Ўзбекистон янгиликлари

Фарғонада “Маънавият-маърифат” машғулотлари пайшанба кунлари давом этади

Шу йил, 24 октябрь куни Фарғона вилояти вакиллигида шаҳар-туман бош имом-хатиблари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, диний бағрикенглик ҳамда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш борасида имом-хатиблар томонидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. ЎМИнинг 2685-сонли хатида келтирилган топшириқлар кўриб чиқилди.

Жойларда меҳнат ва ижро интизоми борасида йўл қўйилаётган хато-камчиликлар, “Одоб-ахлоқ комиссияси” фаолияти самарадорлигини ошириш, масжидларда куз-қиш мавсумига жиддий тайёргарлик кўриш, иситиш ва бошқа мақсадларда техник хавфсизлик талабларига мос бўлмаган асбоб-анжомлардан фойдаланмаслик бўйича зарур кўрсатмалар берилди.

Маълумки, вилоятда ҳафтанинг ҳар чоршанба кунлари “Маънавият-маърифат” машғулотлари ўтказилар эди. Чоршанба “Фуқароларни қабул қилиш” куни сифатида белгиланиши ҳамда ЎМИнинг юқорида қайд этилган хатидаги кўрсатмага биноан эндиликда “Маънавият-маърифат” машғулотлари ҳафтанинг пайшанба кунлари ўтказилиши белгиланди.

Шунингдек, диний таълим муассасалари битирувчиларининг иш тақсимоти бўйича жараёнлари ўрганилди. Вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Алишер домла Наимов ҳамда Фиқҳ мактаби устози Аҳмадхон домла Низомовлар ёш имомлар билан учрашиб, улар билан самимий суҳбат қилдилар. Дин хизматига қадам қўяётган ёш кадрлар имом-хатиблар, уламолар ёнига кириб, гўзал хулқ ва ихлос билан хизмат қилишлари, аҳолига ислом маърифати ва моҳиятини етказиш, ёшларни ватанга муҳаббат ҳамда аждодларга муносиб равишда тарбиялашда дин ходимлари ибрат бўлмоғи, бир сўз билан айтганда, пешволикка муносиб бўлиш лозимлиги таъкидланди. Устозлар йўли, уларнинг ибратли ҳаётидан намуналар келтирилиб, дин хизматига бел боғлаётган ёшлар ҳаққига дуо қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1353 марта ўқилди

Янгиликлар

Top