Ўзбекистон янгиликлари

Малайзияда Ўзбекистон зиёрат туризми ва маданий меросини тарғиб этиш масалалари муҳокама қилинди

Малайзияга амалий сафар билан борган Бухоро вилояти ҳокимлиги делегацияси Ўзбекистон зиёрат туризми элчиси, Перлис штати муфтийси Моҳд Асри Бин Зайнул Обидин ва Ислом санъати музей раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.


Моҳд Обидин Ўзбекистонда бағрикенглик маданиятини ривожлантириш ва ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини тарғиб қилиш, зиёрат туризмини янада ривожлантириш, шунингдек, мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларида сайёҳлик инфратузилмасини модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга юксак баҳо берди.


Ўзбекистон ва Марказий Осиё мутафаккирларининг ислом цивилизацияси ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси алоҳида қайд этилди. Моҳд Обидиннинг айтишича, Имом Бухорий ва Имом Термизий мероси мусулмон оламида шубҳасиз юқори обрўга эга. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон малайзиялик сайёҳлар учун энг яхши йўналишлардан бирига айланиши мумкин.


Суҳбатдош Ўзбекистон Президентининг республика имом-хатиблари делегациясини Куала-Лумпурдаги марказий масжидларда маъруза ўқишга юбориш борасидаги ташаббусини юксак баҳолади ва бу мамлакатимизни Малайзия мусулмонлари орасида зиёратгоҳ сифатида танитишда самарали бўлди. Ушбу йўналишдаги ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёрлигини билдирган муфтий ўзбекистонлик бир гуруҳ имомларни Перлис штатида маъруза қилишга таклиф этди.
Музокаралар натижасида зиёрат туризми элчиси Моҳд Обиддиннинг «Зиёрат туризми ҳафталиги»да иштирок этиш учун Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.


Малайзия Ислом санъати музейида бўлиб ўтган учрашувда ҳам Малайзия томони Ўзбекистон раҳбариятининг мамлакатимиздаги бой маданий ва маънавий меросни тадқиқ этиш ва оммалаштириш борасидаги ташаббусларини юқори баҳолади.
Томонлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик даражасидан мамнуният изҳор этилар экан, қўшма тадбирлар муваффақиятли ўтказилаётгани, хусусан, яқинда музей делегациясининг республикага сафари ҳамда Малайзия Ислом санъати музейида «Ўзбекистон маданий мероси тўпламларда» китоб-альбомининг тақдимоти ташкил этилгани алоҳида таъкидланди.


Мулоқот чоғида моддий-маданий обектларининг қўшма кўргазмаларини ташкил этиш орқали ислом оламининг илмий ва маданий меросини тарғиб қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалари ҳам муҳокама қилинди.


Музокаралар якунида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Бухоро вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда Куала-Лумпур шаҳридаги Ислом санъати музейида «Ўзбекистон – ислом маданияти маркази» мавзусида экспозиция ташкил этиш ва Бухоро вилоятидаги музейларнинг Шарқ миниатюра ва артефактлари кўргазмалари концепцияларини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.


Бундан ташқари, Малайзия томони 2023-2024 ўқув йили учун Ўзбекистондаги кам таъминланган оилалардан бўлган иқтидорли талабаларга Ал-Бухорий халқаро университетининг бакалавриат йўналишида таҳсил олишлари учун грантлар ажратиш, шунингдек, музей бошқаруви мутахассислари иштирокида малака ошириш бўйича семинар ва тренинглар ташкил этишга тайёр экалигини ҳам маълум қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1050 марта ўқилди

Янгиликлар

Top