Ўзбекистон янгиликлари

Бугун – Тошкент ислом институти ташкил топган кун

Бугун, 1 ноябрь – Тошкент ислом институти ташкил топган кун | Институт ташкил топганига 51 йил бўлди

1969 йилда «Бароқхон» мадрасаси институт даражасида қайта тикланиб, Совет Иттифоқи Министрлар Совети ҳузуридаги Дин ишлари бўйича кенгашнинг Тошкентда олий мадраса очиш ҳақидаги қарори қабул қилинди.

Мадраса учун Ҳазрати имом даҳаси (Ҳамза, ҳозирги Зарқайнар кўчаси, 18-берк кўча, 47-уй)даги «Намозгоҳ» масжидининг биноси ажратилди.

1971 йил 1 ноябр (1391 ҳижрий йил 12 Рамазон)да олий мадрасани очар экан, муфтий Зиёуддинхон Бобохонов асосий мақсад сифатида қуйидагиларни таъкидлади:
«Биз бу илмий даргоҳни очар эканмиз, ўз олдимизга турли соҳалардаги диний ва замонавий илмларни яхши эгаллаган, муқаддас динимиз учун зарур бўлган билимдон диний хизматчиларни тайёрлашни асосий вазифа қилиб қўямиз».

Олий мадрасада ўқиш муддати 4 йил бўлиб, дарслар ўзбек ва араб тилларида ўқитиларди. Биринчи ўқув йилида маъҳадга 20 талаба қабул қилинди.

«Олий диний мадраса» (высшая духовная школа) деб юритилган билим даргоҳига 1974 йилда Имом Бухорий таваллудининг 1200 йиллик юбилейи муносабати билан буюк муҳаддис номи берилди ва «Олий маъҳад», «Тошкент ислом институти» деб номланадиган бўлди.

Тошкент ислом институти собиқ Иттифоқда ягона эди ҳамда Кавказорти, Шимолий Кавказ, СССРнинг Европа қисми ва Сибир мусулмонлари диний бошқармаларининг бўлажак кадрлари ҳам шу ерда таҳсил оларди. Бундан ташқари, Афғонистондан 6, Вьетнамдан 4, Ямандан 6, Болгариядан 4 талаба олий маъҳадни тамомлаган.

2007 йили институтнинг икки қаватли янги биноси қурилди. 2021 йилда 27 та хонадан иборат талабалар турар жойи ва 45 кишига мўлжалланган таҳоратхонани ўз ичига олган 4 қаватли бино қуриб битказилди. Шунингдек, икки қаватли институтнинг асосий биносига 17 та ўқув аудиториялари, Ахборот-ресурс маркази ва мажлислар залидан иборат учинчи қават ҳам қўшилди.

ТИИ матбуот хизмати

1880 марта ўқилди

Янгиликлар

Top