Ўзбекистон янгиликлари

Нурафшон шаҳрида Қуръон курслари очилди

Хушхабарнинг қаноти бор, дейишади. Ҳақ гап. Бирор хайрли иш бошланса, дарров ҳамма жойга хабари тарқайди. Буни эшитиб, одамлар хурсанд бўлишади. Чунки бу уларга манфаат келтиради-да. Энди охират учун манфаати етадиган савобли амалларни тасаввур қилинг-а. Бундай амалларнинг дарагини эшитган киши ичига сиғмаслиги аниқ.

Ана шундай хушхабарлардан бири бугун Тошкент вилоятида амалга оширилди: Нурафшон шаҳрида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг Қуръон ва тажвидни ўргатиш ўқув-курси филиали очилди.

Қуръони карим тиловати билан бошланган тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими бошлиғи Шайх Алижон қори, Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Зиёвиддин домла Нортожиев, Нурафшон шаҳар бош имом-хатиби Абдурашид домла Рустамов, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг ректори Уйғун домла Ғафуров, Тошкент ислом институти Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш ўқув-курси раҳбари Жаҳонгир Рўзиев ва бошқалар иштирок этди.

Ўқув-курсларида тўртта гуруҳ фаолияти йўлга қўйилди. Учта гуруҳда эркаклар таълим олса, биттасида хотин-қизлар Қуръон ўрганишга бошлайди.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтини тамомлаган малакали мутахассислар тингловчиларга сабоқ беришади.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръони каримни ўрганган ва ўргатганларингиздир” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, Каломуллоҳни ўрганган ва ўргатган кишилар энг эхши кишилардир. Илоҳим, юртимизда ана шундай кишилар кўпаяверсин.

Аллоҳ таоло ўқув-курсларини хайрли ва бардавом қилсин.

 

Тошкент вилояти вакиллиги матбуот хизмати

1364 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Ҳамдардлик билдирамиз Китоблар кўргазмаси  »

Янгиликлар

Top