Ўзбекистон янгиликлари

Диний идора фондидаги Қуръоннинг 7 та нодир қўлёзма нусхаси халқаро форумда намойиш этилмоқда

Аввал хабар берганимиздек, шу йил 1-3 ноябрь кунлари “Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги” доирасида Самарқандда “Марказий Осиё – ислом санъати ўчоғи” номли халқаро форум ўтказилмоқда. Унда 40 дан зиёд давлатдан 300 нафарга яқин иштирокчи қатнашмоқда.

Мазкур форумда мамлакатимиздаги Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходимлари, мутахассислар, имом-хатиблар иштирок этмоқда.

Халқаро форум доирасида “Ўзбекистон фондларида сақланаётган Қуръони каримнинг қадимий нусхалари” мавзусида ўтказилаётган халқаро кўргазмада Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси фондида сақланаётган Қуръони каримнинг 15-18 асрларга оид қўлёзма нусхалари намойиш этилмоқда.

Шунингдек, форумда “Мовароуннаҳрда китобат маданияти” мавзусида ислом амалий санъати турлари бўйича фестиваль ва ҳунармандлар савдо ярмаркаси ҳамда “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштириш масалалари” мавзусида халқаро анжуман ҳам ўтказилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

1275 марта ўқилди

Янгиликлар

Top