Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ва БАА ўртасида маданий-гуманитар ва туризм соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Ўзбекистоннинг Бирлашган Араб Амирликларидаги элчихонасида кеча Абу-Даби амирлиги маданият ва туризм департаменти раҳбари ўринбосари Сауд Абдулазиз Ал-Ҳосани билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида маданият ва туризм йўналишидаги ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва соҳага инвестициялар йўналтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистонда туризм соҳасини янада ривожлантириш, хорижлик сайёҳлар учун замонавий қулайликлар яратиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, Самарқанд халқаро аэропорти имкониятлари ҳақида сўзлаб берилди. Абу-Даби вакиллари жорий йил 30 ноябрь – 2 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро туризм ярмаркасига таклиф этилди.
Декабрь ойида йўлга қўйилаётган Абу Даби – Самарқанд авиақатновида БАА ОАВ вакиллари учун инфотур ташкил қилиш ва кейинги босқичда Ўзбекистон ОАВ вакилларини Абу-Дабига танишув сафарини уюштиришга келишиб олинди. Сауд Абдулазиз Ал-Ҳосани, ўз навбатида, “Etihad Airways” авиакомпаниясининг Ўзбекистон бозорига кириш имкониятларини ўрганиб чиқилишини билдирди.
Суҳбат чоғида ҳар йили анъанавий бўлиб ўтадиган Шайх Зоид фестивалида ўзбекистонлик ҳунармандлар ва бошқа соҳа вакиллари мунтазам иштирок этаётгани таъкидланиб, жорий йил 18 ноябрь куни очилиши кутилаётган навбатдаги анжуман доирасида қўшма тадбирлар ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Абу-Даби амирлигидаги меҳмонхоналарга Ўзбекистондан сифатли тўқимачилик ва органик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш таклифи ва тегишли тақдимот материаллари Амирлик вакили томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1365 марта ўқилди

Янгиликлар

Top